Миллий тил – қадриятлар бешиги
* 21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун
Халқлар ўртасидаги маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий алоқаларнинг таъсири натижасида бир тилдаги сўз бошқа бир халқ тилида яшаб келган. Масалан, арабча “амир-ул баҳр”, яъни “денгиз амири, ҳукмдори” маъносидаги сўз рус тилида “адмирал” шаклида – нутқ аъзоларининг талаффуз қилиш жараёни (артикуляция)га мосланган ҳолда айтилиб, ҳозирда кенг истеъмолда ишлатилади. Шунингдек, ўзбек тилига араб, форс, хитой, рус тиллари орқали Европа тилларига оид атама ва номлар кириб келган. Тилларнинг даврий тараққиёти шуни кўрсатадики, улар ўртасидаги сўз алмашинувига тўсиқ қўйиб бўлмайди, аммо бу тилга хоҳлаган сўзни олиб кириш мумкин дегани эмас. Бинобарин, “Давлат тили ҳақида”ги қонунимизнинг 7-моддасида “Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди. Янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин Олий Мажлис тегишли қўмитасининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади”, дейилган.
Ўзбек тили дунё тиллар тизимида қадимийлиги, бойлиги ва лисоний хусусиятлари билан ажралиб туради. У туркий тилларнинг қарлуқ гуруҳига мансубдир. Бу тилнинг кенг имкониятлари қадимги Ўрхун-Энасой обидаларидаги тошбитикларда, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарлари, Аҳмад Яссавий ҳикматлари, Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”, “Хамса”, Бобурнинг “Бобурнома” асарларида, Бобораҳим Машраб, Огаҳий, Увайсий, Нодира каби мумтоз шоирларимиз ва ҳозирги давр ижодкорлари асарларида жилоланиб турибди.
Она тили миллий адабиётимиз, бой тарихимиз, ҳаётбахш қадриятларимиз, дин-у диёнатимиз, халқимизга хос дунёқарашни акс эттирувчи кўзгу, аждодлар меросини авлодларга етказувчи робитайи оламиёндир. Ҳар қандай даврда халқнинг тили ва адабиёти унинг маданий савиясини намоён эттирувчи восита ҳисобланган. Шунинг учун қадриятлар бешиги бўлган она тилимиз ўзининг тарихий ватани, азалий қўрғонида қадр-қимматга, эътиборга сазовор бўлиши зарур, шундагина у абадийликка дахлдор бўлади.
Элбек ТОҒАЙМУРОДОВ,
Бекзод ҚАРШИЕВ,
ТДAУ Самарқанд филиали ўқитувчилари.