Муаммо фуқаро ва таъминотчи ўртасида бўлган
Халқ банки журналистдан қўпол муносабатда бўлгани учун узр сўради
Ижтимоий тармоқларда “Пайариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Халқ банкининг туман филиалидан имтиёзли кредит олишда сарсон бўлмоқда, вазиятни ўрганишга борган журналист банкдан нега ҳайдаб чиқарилди?” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди.
Халқ банки томонидан ушбу ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилди ва қуйидагилар маълум бўлди:
Ҳақиқатан ҳам, Пайариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро И.Кайимова Халқ банкининг мазкур тумандаги филиалига имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилган. Натижада белгиланган тартибда И.Кайимовага тикувчилик фаолияти билан шуғулланиши учун кредит ажратилган.
Аммо фуқаро таъминотчи корхона билан келишиб, гўёки кредит ҳисобига тикув машиналари олиб келинганлигини кўрсатган ва банк ходимларини алдаб, кредит маблағини таъминотчи корхонанинг ҳисоб рақамига ўтказишга эришган. И.Кайимованинг видеолавҳадаги эътирозлари таъминотчи корхонага қаратилган. Ушбу ҳолат бўйича кредит мақсадсиз сарфланганлиги аниқланиб, ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим қилинган.
Шунингдек, вазиятни ўрганиш мақсадида банк филиалига ташриф буюрган журналистдан унга нисбатан қўпол муносабатда бўлганлиги учун узр сўраймиз. Бунга йўл қўйган масъул ходимга эса интизомий жазо чораси қўлланилганлигини маълум қиламиз.