Муҳаммадали Абдуқундузов: "Бобур" фильмини суратга олиш Самарқанддан бошланган. Ўшанда Амир Темур мақбарасига кириб, Соҳибқирон қабри олдида Худога илтижо қилганман... "
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов 70 ёшга тўлди.
Ўзбек миллий театр санъатининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Муҳаммадали Абдуқундузов 1952 йил 14 июлда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Яйпан қишлоғида таваллуд топди. Тошкент давлат санъат институтини муваффақиятли тугатган ижодкор бир гуруҳ фидойи ёшлар билан Сурхондарёга, Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрига йўлланма олади.
Актёр ушбу театр саҳнасида ўн икки йил ижод қилди, изланди, роллар ўйнади ва спектакллар саҳналаштирди. Фердинанд («Макр ва муҳаббат»), Давронбек («Ватан ишқи»), Паратов («Сепсиз қиз»), Шокир («Кўрмайин босдим тиконни»), Алибек («Сарвиқомат дилбарим», Чингиз Айтматов), Андрей («Барча билан яккама-якка»), Муса Жалил ("Номаълум кун") образлари актёрнинг ўзбек театри ривожига қўшган катта ҳиссаси сифатида эътироф этилди.
«Уфқ» драмасидаги Икромжон образини актёр юксак маҳорат ва истеъдод билан талқин этди. Икромжон роли 1975 йили Ўзбекистонда «Йилнинг энг яхши эркак роли» номинацияси бўйича Бош мукофотга сазовор бўлди.
Муҳаммадали Абдуқундузов 1986 йилда Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга таклиф этилди. У театрда яратган дастлабки образ драматург Владлен Дозорцевнинг «Сўнгги қабул» асаридаги Ермаков бўлди. Кейинчалик, Ўзбек («Бахтли гадолар», Гоцци), Амир Умархон («Таҳликали дамлар», Салоҳиддин Сирожиддинов), Ҳусайн Бойқаро ("Алишер Навоий», Уйғун ва Иззат Султон), Султонали («Меҳробдан чаён», Абдулла Қодирий), Пўлат («Ёрқиной», Чўлпон), Саркарда («Кориолан», Шекспир), Жуманов («Қатағон», Ў.Ҳошимов) образларини ижро этди ҳамда муваффақиятга эришди.
Айниқса, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи асосида яратилган «Бобур» кўп қисмли видеофильмдаги Муҳаммадали Абдуқундузов ижросидаги Бобур Мирзо актёрга катта шуҳрат келтирди. «Бобур» ва «Кеча ва кундуз» видеофильмлари Покистон ва Туркия телевидениелари орқали ҳам намойиш этилди.
- «Бобур» фильмини суратга олиш ишлари ўн тўрт ой давом этган, - дейди М.Абдуқундузов. - Саҳналар қадимий шаҳарларимизда, бундан ташқари, Қирғизистоннинг Ўшида, Тожикистон, Қозоғистон, Ҳиндистон давлатларида олинди.
«Бобур» фильми суратга олинганига 32 йил тўлган бўлса, ҳалигача у зот руҳи билан яшайман. Агар сен буюк шахснинг сиймосини гавдалантирган бўлсанг, ўша инсонга лойиқ бўлишинг керак. Бу дегани масъулиятли бўлишга чорлайди. Чунки қаерга бормай шу фильм ҳақида сўз кетади ёки Бобурнинг монологидан ўқишимни айтишади. Баъзан давраларда «Сиз салбий роль ўйнаманг. Сизни Бобур образида сақлаб қолишни истаймиз», дейишади.
Самарқандга келиб, суратга олинадиган биринчи кун ҳаммамиз Амир Темур мақбарасига кириб фотиҳа ўқидик. Кейин мен ўзим ёлғиз қолиб, Қуръон тиловат қилдим. Соҳибқирон қабри олдида Худога илтижо қилдим. «Мана бу ерда абадий қарор топган улуғ бир банданг — Амир Темурнинг авлодларидан бирининг ҳаётини элга кўрсатиб беришга киришганман. Ўзинг қўлла ва мендан марҳаматингни аяма», дея Ўзидан сўрадим.
Иш бошланиб кетди. Кўпинча фильмга олиш ишларида, албатта, нимадир баҳона билан суратга олиш жараёнлари тўхтаб қолиши мумкин. Лекин Самарқандда юздан ортиқ эпизодлар, шунингдек, ўн тўрт ой давомида суратга олиш ишлари давом этган бўлса-да, бирон марта тасвирга олиш тўхтаб қолмади, аксинча, иш жараёнлари ўз-ўзидан юришиб кетарди. Ҳатто отлар билан боғлиқ жанг саҳнасини тасвирга олиш ишларида менинг ва Маҳмуд Исмоиловнинг отлари тўқнашиб кетди ва бизни Аллоҳ ўз паноҳида асради. Барча суратга олиш жараёнлари омадли кечди.