Муҳтож бўлмаганларга асоссиз нафақа тўлашнинг олди олинди

Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1000 нафари натижа кўрсата олмади

Тошкентда Президент раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Таъкидланишича, шу йилнинг 11 ойи давомида республикамиз бўйича маҳалладаги ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатган.

51 минг одамга ногиронлик белгиланди, 26 минги протез олди, ногиронлиги бор 5 минг бола боғча-мактабга жойлашди.

Бундан ташқари, муҳтож бўлмаганларга асоссиз нафақа тўлашнинг олди олинди, қисқарган харажатлар бюджетда қолдирилди.

Уч ой олдин вилоят ва тумандаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилди. Натижада, шу кунга қадар камбағал оилалардаги 17 минг одам доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик ва томорқа орқали 14 минг аҳолининг даромади оширилди, 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди, 45 минг муҳтож аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди.

Йиғилишда ҳамма раҳбарлар ҳам эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиб, даромадини кўпайтириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1000 нафари натижа кўрсата олмади. 184 нафари ушбу оилалар хонадонига бирор марта ҳам бормаган.

Ногиронлиги бор шахслар бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етгани билан, бу ишлар Жалақудуқ, Чимбой, Паст Дарғом, Чортоқ  ва Денов туманларида қониқарсиз.

Мутасаддиларга ушбу туманларни намунали қилиш, ҳар бир масъулга аниқ вазифа белгилаш топширилди.

Шунингдек, келгуси йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани танқид қилинди.

Ушбу вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш топширилди.