Мурожаатнома - келгуси фаолиятимиз учун “йўл харитаси”

Ўтаётган ҳар бир йилимиз улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, давлат ва жамиятни янада ривожлантириш йўлидаги билим ва кўникмаларимизни ошириб бориш, юксалишлар даври сифатида тарихга муҳрланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 24 январь куни Олий мажлисга мурожаатини ҳам ана шундай катта Миллий дастурлардан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Сабаби, унда алоҳида қайд этилган ва таъкидланган усуллар билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка эришиш мумкин.

Бу галги мурожаатномада яқин беш йилликда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол ички ва ташқи сиёсат олиб бориш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарадорлигини аввало халқимиз фаровонлиги ва турмуш шароитининг яхшиланиши билан белгиланиши назарда тутилган. Ижтимоий соҳалар, жумладан тиббиёт, таълим ва илм-фан йўналишидаги ишларни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар қачон ўз самарасини бериши мумкин? Қачонки ишларимиз тизимли олиб борилганда.

Муҳтарам Президентимиз ёшларга ҳамиша катта куч сифатида баҳо берган. Мурожаатда ҳам ёшларга, ўсиб келаётган ёш авлодга алоҳида эътибор қаратилди.

Тараққий этган мамлакатлар, масалан, Япония, Швеция ёки Германия аҳолисининг 60-65 фоизини нафақа ёшига етган фуқаролар ташкил этади. Бизда эса аксинча, мамлакат аҳолисининг 60 фоизи ёшлардан иборат. Ҳар қандай миллат тақдирини ҳамиша унинг билимли, иқтидорли ёшлари ҳал этган. Бунга тарих мисол. Фаолиятимиз ёшлар билан боғлиқ бўлгани учун уларни кўп кузатишга тўғри келади. Улар орасида мамлакат келажаги ва тараққиётига бефарқ бўлмаган, илм фанни, ўз соҳасини мукаммал эгаллаган, иқтидор жиҳатдан дунёнинг энг зўр мутахассиси билан беллаша оладиган ёшларимиз борлиги мени ҳамиша ҳаяжонга солади. Биз улардан фойдаланишимиз керак. Улар ўз салоҳиятини юртимиз келажаги учун сарфлашларига шароит яратиб беришимиз лозим. Токи, биз курашаётган коррупция ва бошқа иллатлар уларнинг келажагига тўсиқ бўлмасин, улар ўзларининг иқтидорларини хорижда эмас, Ўзбекистонда намоён қилсин.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшларимиз учун ҳозир шароит яратиб бермасак, улардан ажралиб қолишимиз аниқ. Улар катта авлод вакилларидек, “ҳаёт шу экан” деб, сабр билан кутишни билмайди. Масаланинг долзарблиги ҳам шунда.

Президентимизнинг озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси беш йилда 2,5 баравар ошириш ҳақидаги фикр билдирди. Бунга қандай эришиш мумкин? Юртимизга келган ҳар бир хорижий эксперт буни ҳар ҳоим алоҳида таъкидлайди, тан олади. Ўзбекистонда экологик жиҳатдан тоза хом ашё (гўшт, сут, мева, сабзавот ва ҳоказо) кўп. Дунё бозорида кимёвий ишлов берилган, узоқ муддат турли иқлим шароитларида сақланиши кафолатланган, гени ўзгартирилган озиқ овқат маҳсулотларининг бозори чаққонми ёки табиий тоза маҳсулотларнингми?

Демак, маҳсулотларимизни жаҳон бозорида образли қилиб айтганда “кўзга суртиб олишлари мумкин”. Аммо бизнинг бозоримиз йўқ, нега? Юртбошимиз таъкидлаганларидек, биз аввало яқин атрофимиздаги Ҳамдўстлик давлатлари бозорларида ўз ўрнимизга эга бўлиб олишимиз керак. Бунинг учун маҳсулотларни қайта ишлаш, қадоқлаш талаб этилади. Бунинг учун бизга замонавий технологиялар лозим, қолаверса, ўша технология билан ишлашни биладиган мутахассислар ҳам сув билан ҳаводек керак.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти айни кунда бир неча ҳалқаро хорижий компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда, грант лойиҳаларда иштирок этмоқда. Мисол учун, Америка Қўшма Штатларининг “Сhemonics” компанияси агробизнес, саломатлик, фан ва таълим, шунингдек, иқтисодиёт ва халқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича инновацион лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланувчи йирик халқаро ташкилотлардан бири. Улар юртимизга, иқтисодий салоҳиятимизга катта қизиқиш билдиряпти. Биз шу каби хорижий ҳамкорларимиз кўмагида иқтисодиётимизни замон талаблари даражасида юксалтиришга, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эришишимиз мумкин.

Институтда жорий этилиши назарда тутилаётган янги инновацион ғоя – Таълим кластери ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш мумкин. Бу лойиҳа ишларимизни узлуксиз ва тизимли ташкил қилишда катта ижобий натижа бериши аниқ. Бу энди алоҳида катта мавзу.

Мурожаатномани Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги “йўл харитаси” сифатида белгилаб, келгуси фаолиятимизни шу асосда олиб борсак, жамики саъй-ҳаракатларимиз тезроқ натижа кўрсатишига ишончимиз комил.

Худайназар ЮНУСОВ,

СамВМИ ректори, биология фанлари доктори.