Мустақиллик байрами муносабати билан Ўзбекистонда бир қатор чегирмалар эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 5 сентябрь кунига қадар мамлакат бўйича 200 га яқин жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари), 80 дан ортиқ транспорт воситалари (автобус, микроавтобус ва енгил автомобиллар) ҳамда 110 дан ортиқ умумий овқатланиш шохобчалари (кафе, ресторанлар ва б.) учун чегирмалар жорий этилганлигини маълум қилади.
Бундай ҳамкорликдаги ишларнинг давомли равишда амалга оширилаётганлиги давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, 2019 йилнинг 31 августидан 3 сентябрь кунига қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан ички йўналишдаги қатновларга 10 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан 30 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар тақдим этилиши йўлга қўйилди. Ушбу турдаги тадбирларнинг амалга оширилиши аҳолининг оилавий дам олиш кунларини мазмунли ташкиллаштириш ҳамда юртимизнинг ўзига хос масканлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Жойлашув воситаларидаги чегирмаларга оид батафсил маълумотларни қуйидаги ҳавола орқали олишингиз мумкин.