Мустақилликка 34 йил: Фаровонлик манзаралари

Биз учун кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган фаровонлик манзаралари энди фақат расмий статистик ҳисоботлар ёки рақамларда эмас, балки кундалик турмушимизда намоён бўлмоқда.
Мана шундай фаровонлик мезонлари инсон ҳаётининг турли жабҳаларида – иқтисодий барқарорликдан тортиб маънавий юксалишгача, орзуларнинг амалга ошиши ва умидлар рўёбида ўзининг равшан ифодасини топмоқда.
Энди бошпанали бўлиш – орзу эмас, ҳақиқат!
Аҳоли турмуш даражасини баҳолашда унинг яшаш шароити ва стандартлари, замонавий уй-жойлар билан таъминлангани энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Авваллари уй-жойга маълум бир тоифадаги инсонлар тўлов қилар, қуйи қатламдагилар эса буни орзу қилиши ҳам мушкул эди. Аммо кейинги йиллардаги аҳолини тураржой билан таъминлаш ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга қаратилган самарали ислоҳотлар натижасида уй олиш имкони борасидаги тафовутлар кескин қисқариб, барчага бошпанали бўлиш имконияти яратилмоқда.
Маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йил ичида вилоятимизда умумий ҳисобда 1 минг 132 та кўп қаватли уй барпо этилди. Бу нафақат ҳудудлар кўриниши ва инфратузилмасини бутунлай янгилади, балки 56 мингдан ортиқ оилани янги замонавий уй-жой билан таъминлаб, уларнинг турмуш даражасини тубдан яхшилади. Янги қурилган ҳар бир уй инсон тақдиридаги янги саҳифа, оилавий барқарорлик ва фаровонлик тимсолига айланди.
– Ёлғиз она бўлганим сабабли уй олиш мен учун деярли имконсиз туюларди, - дейди пастдарғомлик Муниса Шомуродова. - Уч фарзандим билан бирга ота-онамнинг кичик хонадонида яшар эдик. Ҳар куни фарзандларимга муносиб шароит яратишни орзу қилардим, аммо молиявий имкониятлар чеклангани сабаб бу фақат орзу бўлиб қолаверарди. Бироқ юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш сиёсати туфайли бугун мен ҳам ўз уйимга эга бўлдим. Гўзалкент қўрғонидаги янги уйлардан, субсидия орқали хонадон олиш имконига эга бўлдим. Ўз навбатида муддатли тўлов шароитимни яхшилаш учун туман ҳокимлиги томонидан ишли бўлишимда ҳам катта кўмак кўрсатилди. Бу нафақат мен, балки фарзандларим учун ҳам янги ҳаёт бошланиши бўлди.
Фаровонлик фақат моддиятда эмас
Фаровонлик фақат бойлик ёки моддий неъмат эмас, у тинчлик, адолат, таълим, тиббиёт, иш ва истиқбол демакдир. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш фуқароларнинг ҳаёт сифати, фаровонлигини таъминлашда муҳим мезон ҳисобланади. Маълумки, авваллари олийгоҳларга ўқишга кириш жуда қийин бўлган. Квоталар кам, қабул имтиҳонларида турли муаммолар бор эди. Бу масалалар ҳисобга олиниб, олий таълимга қабул квотаси йилдан-йилга оширилмоқда. Вилоятда 2010 йилда олий таълим муассасалари 6 та бўлиб, уларда 23 минг талаба таҳсил олган бўлса, бугунга келиб 19 та таълим муассасасида 101 минг 710 нафар талаба-ёшлар ўқимоқда.
Узлуксиз таълим ижодий, ижтимоий фаол ҳамда маънавий бой шахсни шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади. Узлуксиз таълимнинг ягона тизимида эса мактабга тайёргарлик муҳим ўрин тутади. Илгари фақат шаҳар жойларда ишлайдиган оналар фарзандлари мактабгача таълим билан қамралган бўлса, бугун тармоқда кенгайиш ҳисобига қамров даражаси кескин ошган. 2010 йилда 574 та боғча фаолият юритиб, тарбияланувчилар сони 45 минг 298 нафарни ташкил этган бўлса, бугун 4 минг 100 та мактабгача таълим ташкилоти 275 минг 719 нафар бахтиёр болажонларни ўз бағрига олган. Бу билан ҳудудларда болалар учун қулай, хавфсиз ва рағбатлантирувчи муҳит яратилиб, келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига замин яратилмоқда.
Замонавий тиббий технологиялар жорий этилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги кескин ошди. 2010 йилда вилоятда 117 та тиббиёт муассасаси мавжуд бўлиб, улар 14 минг ўринга эга бўлган бўлса, бугунги кунда шундай муассасалар сони 125 тага етказилиб, ўринлар 17 минг 115 тани ташкил этмоқда. Албатта, бу шунчаки маълумот эмас, бу рақамлар ортида инсон саломатлигига бўлган юксак эътибор мужассам.
Бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги хизматларнинг кўлами ва қамрови фақатгина давлат шифохоналари билан чекланиб қолмаяпти. Хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожланмоқда. Шунингдек, тиббиёт соҳасидаги кадрлар салоҳиятида ҳам жиддий ўсиш кузатилди. 2010 йилда вилоятда 8 минг 61 нафар шифокор фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 11 минг 988 нафарга етган.
Тўкинликда – фаровонлик акси
Одамлар эҳтиёжларининг турли тоифасида, энг муҳими, унинг озиқ-овқат товарлари истеъмоли меъёрлари мезон бўлиб, эл дастурхони тўкинлиги фаровонликнинг асосий ўлчовидир. Кейинги йилларда аҳоли сонига нисбатан даромадлари ҳам юқори суръатлар билан кўпайиши сабабли жон бошига тўғри келадиган энг муҳим озиқ-овқат товарлари бўйича истеъмол ҳажми, сарф-харажатлар миқдори ҳам сезиларли равишда кўпаймоқда.
2024 йил якунида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 57,4 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 63 триллион сўмга етиши, 103,8 фоиз ўсишга эришиш прогноз қилинган. Статистик маълумотларга кўра, ўтган олти ойда 21,1 триллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқилиб, 104,6 фоиз ўсишга эришилган. Вилоят бўйича 90,6 минг гектар ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экилди ва улардан 500,5 минг тонна ҳосил олиш кутилмоқда. Албатта, бу рақамлар шунчаки хомчўт эмас, реал тажриба синови асносидаги аниқ кўрсаткичлар. Қандай ўлчов билан қаралмасин, бу натижалар – оддий тупроқда унадиган нишона эмас, балки “ақл билан суғорилган”, миллий иқтисодиётнинг инновацион агростратегияси меваси.
Ислоҳотлар халқ овозига таянади
“Энг яхши нарсага эга бўлган эмас, балки ўзидаги бор нарсани энг яхши деб билган киши бахтлидир”.
Конфуций.
Ҳа, бугун атрофимиздаги кўпгина яхши ўзгаришларни, “ношукурлик синдроми”да кўпам илғайвермаймиз. Биз учун кўникмага айланиб қолаётган фаровонлик омиллари шу кунга қадар кўпгина ислоҳотларда – валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, давлат хизматлари тизимининг ривожлантирилиши, ортиқча бюрократияга барҳам берилиши, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатининг тугатилиши, коммунал тизимнинг тубдан ўзгаришида, муҳим ижтимоий инфратузилмаларнинг амалга оширилишида намоён бўлмоқда.
Худди шундай, қишлоқ ва шаҳар тафовутини камайтириш, аҳолининг барча қатламлари муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида сўнгги йилларда халқчил солиқ ва бюджет сиёсати йўлга қўйилди. Бу, энг аввало, бюджет жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширди, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтирди. “Менинг йўлим”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” лойиҳаларини шакллантириш, бюджет маблағларини аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларга йўналтириш ва уларнинг натижадорлигини таъминлаш жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш механизмлари янада такомиллаштирилди. Натижада бу лойиҳалар орқали аҳоли ўз овози билан ўз маҳалласини обод қилиши, инфратузилмасини яхшилаш имконига эга бўлди.
Ҳа, баъзан шукроналикдан бошқа ҳамма нарсамиз бордек туюлади. Аслида, ҳақиқий фаровонлик шукроналик билан бошланади, қаноат билан давом этади, ишонч билан юксалади. Дарҳақиқат, Самарқанддаги фаровонлик манзаралари энди қайсидир келажак орзулари эмас, бу – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Инсон қадри учун” тамойили асосида шаклланаётган бугунги ҳаётимизнинг аён ва сезиларли кўриниши.
Шуҳрат Нормуродов.