Мутахассис таклиф қилади: Амир Темур арки ва Самарқанднинг мудофаа деворини қайта қуриш лозим
Бугун нафақат Самарқанд шаҳри, балки бутун республикамиздаги шаҳар ва қишлоқлар улкан қурилиш майдонига айланган. Қурилишлар туфайли юртимиз кундан-кунга чирой очиб, янги мазмун касб этиб бормоқда.
Меъморчилигимизнинг қайси соҳасини олманг, улардаги ўзига хос меъморий ечимлар, бинолар туркумини кўрамиз. Яъни, бинолар алоҳида-алоҳида тарзда эмас, балки меъморий ансамбллар ва мажмуалар тарзида қурилиши, иморатлардан тузилган занжирни кўриб, кўзимиз, дилимиз яйрайди.
Самарқандда қурилаётган ҳар бир бино (бу албатта, бошқа шаҳарларга ҳам хос) ўз остонасига, ўз вужуди ва бадиий тугаллик қисмларига эга. Уларнинг ўзаро мутаносиблиги биноларнинг визуал архитектуравий яхлитлигини ташкил этмоқда.Шаҳарининг ҳар бир гўшаси, кўча ҳамда майдонлари, бино ва иншоотлар кўлами инсон қоматига, масштаби, фикри-зикрига мос ва уйғун. Пиёда юрган инсон атроф-муҳит мужассамлиги, экологияси, тозалиги, шаҳар ландшафти ва орасталиги билан ҳузур қилади, ҳаловат олади.
Собиқ иттифоқ даврида ҳамма биноларни бир хил типовой лойиҳалар асосида қуриш давлат сиёсатига айланганди. Ҳар йили янги йил оқшомида кўрсатиладиган “Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг” кинофильмини эсланг. Унда ўша давр архитектурасидаги бир хиллик яққол акс эттирилган. Уйнинг архитектураси ҳам, қулф-калити ҳатто мебеллари ҳам бир хил.
Аммо бугун Президентимиз қурилаётган ҳар бир бино бошқасига ўхшамаслигини, бошқасининг архитектурасини ўзида такрорламаслигини, айни пайтда уларнинг фойдаланишга қулай бўлиши, маҳаллий қурилиш ва иқлим шароитлари, миллий меъморий анъаналар ва қадриятларимизнинг эътиборга олинишини талаб қилмоқда.
Тан олиш керак, Самарқанднинг тарихий қисми ҳудудида собиқ иттифоқ даврида қурилган айрим бинолар, жумладан, Даҳбед кўчасининг “Афросиёб” меҳмонхонаси ёнидаги чорраҳадан бошланадиган қисмида, ўнг томонидан кўприккача кетма-кет жойлашган 2 ва 3 қаватли эски ётоқхоналар ҳозирги давр архитектурасининг бадиий талабларига ярашмай қолган. Булар тарихий шаҳарнинг замонавий шаҳар билан боғланиш чегарасида жойлашган бўлиб, уларни “Афросиёб” меҳмонхонасида дам олаётган ҳар қандай сайёҳнинг диққатини тортмасдан иложи йўқ. Мазкур кўчанинг қуйи қисми, яъни кўприкдан собиқ банк коллежигача қисми озми-кўпми тартибга туширилдию, сайёҳлар кўзига ташланадиган қисми ночор аҳволда, яъни, Самарқанд шаҳри архитектураси учун қусурдир. Биз бу иморатларни бузиб юбориш тарафдори эмасмиз. Бироқ уларнинг ҳеч бўлмаганда фасад қисмини замонавий кўринишга, анъанавийлик ва замонавийлик архитектурасининг синтези усулида ишласа бўлади.
Яна бир фикр. Айнан Даҳбед кўчасининг чап томонида Соҳибқирон Амир Темур даврида унинг арк-қалъаси бўлган. Ҳозирда ундан фақат ўрни қолган холос. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида археологлар ушбу жойдан ўша арк-қалъанинг мудофаа деворлари, буржлари ва ҳаммом биносининг қолдиқларини топишган. Ҳозирда ушбу жойларда ҳеч нарса қурилмаган. Шундан фойдаланиб, ўша деворлар қолдиқлари ўрнига Амир Темур аркининг бош дарвозасини, яъни (уни Регистон билан боғловчи асосий дарвозаси) унга туташ бўлган ўша мудофаа деворлари билан қайта тикласак, тарихий шаҳарлардаги жаҳон меъморчилик маданиятининг энг яхши анъаналарига мос тарзда иш қилган бўларди.
Иккинчидан, Самарқанд шаҳрининг қадимийлигини, унинг шоҳона арки бўлганлигини жаҳон сайёҳларига намойиш қилган бўлардик. Жаҳоннинг энг илғор архитекторларининг ҳам фикри худди ана шундай бўлганлигини биз Самарқандда 1980 йилда Улуғбек маданий марказини яратиш бўйича ўтказилган халқаро миқёсдаги кўрик-танлов таклифларида ҳам кўрган эдик.
Даҳбет кўчаси бошланадиган чорраҳа доим тирбандлигидан нафақат автотранспортлар, балки пиёдалар учун ҳам хавфли. Шундай экан, ушбу чорраҳада кўприк қуриш орқали Университет хиёбонини Регистон майдони билан боғланса пиёдалар хавфсиз ҳаракати таъминланарди. Бундай лойиҳа Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ишлаб чиқилган. Худди шунга ўхшаш кўприкни Амир Темур кўчасининг Гагарин кўчаси билан кесишган чорраҳаси учун ҳам таклиф этган бўлардим. Таклиф этилаётган ҳар иккала кўприкнинг жойи ҳам уларни қуриш учун қулай рельеф шароитига эга, яъни шаҳар аҳолиси ва сайёҳлар учун анча қулай бўларди.
Шаҳарнинг эски ароқ заводи ҳудудидаги очиқ майдон, яшил хиёбонда кўп йиллардан бери шаҳримизга етишмай келаётган “Самарқанд ҳунармандлар маркази” биносини қуришни таклиф этаман. Бироқ бу бинонинг архитектуравий ва ландшафт ечими, композицияси шундай бўлиши керакки, у эски шаҳар муҳити билан янги шаҳарни боғловчи, масштаби ва ташқи тарзи билан атроф-муҳит архитектураси ва ландшафтига, айниқса, Амир Темур мақбараси ва Руҳобод обидалари ҳамда “Афросиёб” меҳмонхонаси меъморий ва ландшафт ечимларига ҳамоҳанг ва уйғун масштабларда бўлмоғи зарур. Ана шундай лойиҳа-таклиф ишлаб чиқилган.
Албатта, кўпчиликда бундай бино ушбу ҳудудга тўғри келмайди, деган фикрлар ҳам туғилиши мумкин. Бироқ биз янги бинонинг шундай ечимини топганмизки, уни кўриб, бу фикрдан қайтиши аниқ. Негаки, бинонинг баландлиги Амир Темур мақбараси ва Руҳобод обидаларига соя солмайдиган, архитектураси эса уларга мос тарзда ишланган. Бу албатта, бир таклиф, бироқ бош қотирса бўлади.
Аҳтам ЎРОЛОВ,
СамДАҚИ профессори,
меъморчилик фанлари доктори.