Мутахассислар "қора ҳалак" касаллигидан огоҳлантиришмоқда

Исомиддин АҲМЕДОВ, Қўшработ тумани.

– Қадимдан халқимиз орасида "Қора ҳалак" деб аталган Қрим-Конго геморрагик иситмаси инсоният учун хавфли касалликлардан ҳисобланади. Унинг вируслари асосан, чорва моллари қонини сўриб яшовчи каналарда бўлади. Ҳар йили ёзнинг иссиқ ойларида жаҳоннинг айрим минтақаларида геморрагик иситма касаллиги бўйича мураккаб эпидемик ва эпизоотик вазият юзага келади.

Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари касаллик вирусини юқтирувчи воситачилардир. Касаллик кана чаққанда ва уни қўл билан эзиб, йўқ қилганда юқади. У билан кўпроқ чўпонлар, ветеринария ходимлари, сутни қайта ишловчи корхоналарда ишловчилар ва уйида чорва моллари бўлган кишилар касалланиши мумкин.

Касалликнинг олдини олиш мақсадида чўпон ва чорва эгалари ҳайвон жунини қирқишда махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланиши, қўйхоналар, қўра-қўтонларда канага қарши дезинфекция тадбирларини мунтазам олиб бориши лозим. Ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида қирқим мавсумида чўпонларни жун оладиган машинкалар, махсус ҳимоя кийимлари, дори қутилари билан тўлиқ таъминлаш талаб этилади.

Қилич ҚЎЛДОШЕВ,

вилоят ДСЭНМ бўлим бошлиғи.