Музаффар Ҳамдамов: ўқитувчининг фарзанди эканимдан фахрланаман!

Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида юртимиздаги барча устозларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, хаёти давомида унга дарс берган устозларидан миннатдорлигини изҳор этди. 

“Ҳар бир инсоннинг ҳаётда биринчи ўқитувчиси унинг ота-онаси деб биламан. Меҳнат фаолиятимдаги эришган ҳар бир ютуғимда ота-онамдан, устозларимдан миннатдорман. Бугун байрамда отам билан бирга ишлаган дўстлари билан ўтирдик. Умрини таълимга бағишлаган, 11 йил мактаб директори,  15 йил Тойлоқ тумани халқ таълими бўлимида раҳбарлик қилган отам Яздонқул Ҳамдамовнинг фидойилиги сабабини ҳис этяпман. 

Мен қатор йиллар молия, иқтисод соҳасида ва ҳокимлик лавозимида ишлаганимда ҳам отам доим "Қўлингдан келса таълимга ёрдам бер болам", деб айтарди.

Тақдир тақозоси билан бугун отамнинг изларидан юриш  насиб этиб , вилоят таълим тизимига раҳбарлик қиляпман. Бугун ўқитувчилик касби нақадар заҳматли ва шарафли эканлигини дилдан ҳис этяпман. Ўқитувчининг фарзанди эканлигимдан фахрланяпман”, деб ёзади М.Ҳамдамов.