Туркиялик мутахассислар билан учрашув ўтказилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Синан Тураман бошчилигидаги туркиялик музейшунос, архитектор ва дизайнерлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда вилоят раҳбари ҳудудда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, Самарқанддаги меъморий ёдгорликларни ободонлаштириш, янги истироҳат боғлари барпо этиш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Имом Мотуридий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, мажмуа ҳудудида янги масжид ва музей барпо этилаётгани ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Адиз Бобоев ушбу биноларнинг дизайни ва меъморий ечимларини такомиллаштириш масаласида туркиялик мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.

Ўз навбатида Синан Тураман ўз жамоасининг халқаро тажрибаси ҳақида сўзлаб, турли давлатларда амалга оширилган йирик лойиҳалар - шаҳар архитектураси, музейлар, тематик боғлар ва дизайн соҳасидаги ишлари юзасидан тақдимот қилди. У Самарқандда ҳам бу йўналишда ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашувдан сўнг туркиялик мутахассислар “Болалар ва яшил жамоат парки” ҳамда Имом Мотуридий зиёратгоҳида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Мутахассислар ободонлаштириш жараёни ва архитектуравий ечимларни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.