Ўрганиш бир ҳунар, ўргатиш икки ҳунар

Назокат Худойбердиева бир неча йиллардан буён моҳир устоз ва меҳрибон мураббий сифатида ишлаб, минглаб малакали ўрта тиббиёт ходимларини етиштириб, чинакам ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган зиёлилардан бири саналади.
Назокат опа 1941 йил 2 октябрда Каттақўрғон шаҳрида зиёли, оилада дунёга келди. Отаси Худойберди бобо “Феруз” тахаллуси билан шеърлар ёзиб, шоир сифатида танилган. Опа 1948-1958 йилларда Каттақўрғон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида таҳсил олиб, мактабни олтин медаль билан тугаллайди. Самарқанд давлат тиббиёт университетининг даволаш факультетида ўқиб, йўлланма асосида Каттақўрғон туман марказий шифохонасига ишга юборилади. У ерда беморлар дардига малҳам бўлиш ниятида самарали меҳнат қилиб, тез орада яхши шифокор сифатида эл назарига тушди.
Н.Худойбердиева 1974 йилдан бошлаб Каттақўрғон тиббиёт билим юртида фаолият юрита бошлади. Шифохонадаги тажрибани дарс жараёнига олиб кириб, назарияни амалиёт билан уйғунлаштиргани учун ҳам устознинг сабоқлари шогирдларга бебаҳо билим манбаига айланди.
Таълим жараёнини бойитиш йўлида бир нечта услубий қўлланмалар ва дарсликларнинг ҳаммуалифи сифатида ўз тажрибаларини бошқалар билан баҳам кўрди. Устозимиз Н.Худойбердиева кўп йиллик тажрибалари билан ёш ўқитувчи шифокорларга беминнат маслаҳатларни ҳам бериб келмоқда. Техникумимизнинг ёш ўқитувчиларидан Мафтуна Фозилова, Севара Тилавова, Шаҳло Исломовага мураббийлик қилиб, тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Техникумда устоз-шогирд анъанаси бўйича 28 нафар ёш ўқитувчига 28 нафар устоз бириктирилган. Назокат опа шу 28 нафар шогирдга ҳам ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, сабоқ бериб келмоқда.
Назокат Худойбердиеванинг қарийб 60 йиллик меҳнат фаолияти Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги, вилоят ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси, техникумнинг бир неча бор фахрий ёрлиқлари билан эътироф этилган.
Исматилло УМАРОВ,
халқ таълими аълочиси, техникум услубчиси.