Аёл фақат бека эмас, йирик лойиҳаларни ҳаракатлантирувчи кучга айланмоқда

Мамлакатимиз раҳбарининг Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида айнан хотин-қизлар масалалари ҳам алоҳида тилга олинди.
Ушбу юксак минбардаги нутқнинг аввалидаёқ оилаларда яшашни ўзгартириш, яхшилаш кераклиги ҳақидаги фикрлар билдирилди. “Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”.
Ижтимоий-сиёсий, экологик вазиятлар билан бир қаторда мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизлар ролини ошириш, гендер сиёсати масаласига ҳам урғу берилди.
“Яна бир муҳим йўналиш – гендер сиёсати. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Кенг минтақамиз миқёсида эса Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз”, каби фикрлар БМТ минбаридан туриб айтилди. Айтиш керакки, айнан шу икки жумла ортида мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизларга қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг босқичма-босқич амалга ошиши каби мураккаб жараён мавжуд.
Бугун ўзбекистонлик аёллар нафақат оиланинг маънавий посбони, балки, инновацион ва илҳомлантирувчи ғоялар, инсоният учун хизмат қиладиган йирик лойиҳалар муаллифи, фаол тадбиркор, сиёсий жараёнларни ҳаракатлантирувчи кучдир.
Биргина мисол, мамлакатимизда 2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши ўртача 27 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Тадбиркорлик соҳасида 45 фоиз, сиёсий партиялар таркибида 49 фоизни ташкил этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг эса 27 фоизи, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг 32 фоизи хотин-қизлардир.
Бу натижалар кучли сиёсий ирода, халқчил ёндашув ва энг муҳими, хотин-қизларнинг имкониятига билдирилган юксак ишонч самарасидир.
Ҳуқуқий база, молиявий ёрдам, касб-ҳунар ўргатиш, субсидиялар, имтиёзлар – барчаси хотин-қизлар учун кенг имконият эшикларини очди. Бу борада миллий тажриба – Ўзбекистон модели яратилди.
Кейинги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилиб, 100 га яқин ҳужжатлар қабул қилинди.
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган қонун, қарор ва дастурлар хотин-қизларнинг тадбиркорлик, рақамли технологиялар, илм-фан ва инновация соҳаларидаги иштироки учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Бизнес вакилларига, тадбиркор хотин-қизларга кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитлар яратилди.
Ҳозирги вақтда 6 минг 200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёлларимиз яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Бугун Ўзбекистонда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 45 фоизи, яъни 217 мингдан ортиғига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Юридик шахс сифатида фаолият юритиб келаётган бизнес субъектларининг 96 мингга яқинини аёллар бошқармоқда.
Тижорат банклари томонидан аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 дан ортиқ лойиҳалар жорий этилди ва оилалар иқтисодиётини барқарорлаштириш ва бизнесини ривожлантиришга кўмаклашилмоқда.
Бугунги глобаллашув жараёнида аёлнинг оиладаги ўрни билан бир қаторда жамиятдаги ўрни ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Бу масалада давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида иш кўраётгани, фуқаролик жамияти институти ташаббуслари амалиётга татбиқ этилаётгани биринчи навбатда хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зебо САИДОВА, вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.