Намангандан Zarnews.uz’га мактуб: Болалар боқиманда бўлмади

Ўзимизга хос урф-одатларимиз кўп. Шулардан бири - ёши улуғларимизнинг чўнтагида ширинликлар олиб юриши ва кўчада болаларга улашиши.

Бир пайтлар кўп қаватли уйда адабиётшунос олим Одилжон Носиров билан қўшни турар эдик. Ишдан қайтиб, машинасидан тушишлари билан у кишини майдончада ўйнаб юрган болалар югуриб бориб атрофини ўраб олишарди. Чунки домла барчасига етадиган бирор егулик тарқатар эди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари - йўғон чўзилиб, ингичка узилган пайтлар. Айрим хонадонларда ширинлик у ёқда турсин, нон топиш амримаҳол эди. Болалар уйга кирмай, у кишини кутиб туришга одатланган эди. Ўйланиб қолардим: бу болалар катта бўлса, бировнинг қўлига қараб қолмасмикан?

Йўқ, ундай бўлмади. Домла берган қанд-қурсларни еган болалар бугун ақлли, ўқимишли, тадбиркор, асосийси, саховатпеша бўлиб вояга етди.

Ўзбеклигимизга хос урф-одатларимиз бор бўлсин.

Дилфуза ТУРДИАЛИЕВА,

Наманган вилояти.