Нарпайдаги 6 та мактаб мукаммал таъмирланди
Жорий йил Нарпай туманидаги 6 та умумий ўрта таълим мактабида инвестиция ҳамда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Олиб борилган бундай бунёдкорлик ишлари мактабларда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга, педагоглар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилишига ҳамда ўқувчи-ёшларнинг пухта билим олиб, жисмонан соғлом вояга етишига хизмат қилмоқда.
- Бугун 1050 ўринли мактабимизда 1117 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда, - дейди Нарпай туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Марҳабо Жабборова. - Аввал синфхоналар етишмас, физика, кимё ва биология фанлари дарс машғулотларини мослаштирилмаган синфхоналарда ўтказишга мажбур бўлардик. Мукаммал таъмирлаш ишларидан сўнг ўқувчиларни кичик гуруҳларга бўлиб ўқитиш учун 5 та инглиз тили, 3 та рус тили синфхоналари, шунингдек, физика, кимё ва биология фанларини ўқитишга мўлжалланган, барча зарур асбоб-ускуналари билан жиҳозланган ўқув лабораториялари фойдаланишга топширилди. Бу ўз навбатида, мактабимизда таълим мазмун-моҳиятини янада ошириш, ўқувчиларимизнинг мукаммал билим олишига имконият яратди.
- Ҳар йили ёғингарчилик мавсуми яқинлашаверса жамоамиз билан ташвишга туша бошлардик, - дейди 27-умумий ўрта таълим мактаби директори Малоҳат Суярқулова. - Негаки, таълим муассасамизнинг дераза ва эшиклари анча эскирган, спорт залимизнинг устки қопламаси кўчиб тушганди. Амалга оширилган мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида 9х18 майдонга эга спорт залимизнинг том қисми тўлиқ таъмирланди, поли янгиланди. Эски эшик-ромлари замонавийларига алмаштирилди. Аввал пол қисмининг қопламалари кўчиб, чанг кўтариладиган 14 та синфхоналарнинг поли янгиланди.
Ана шундай бунёдкорлик ишлари 61-умумий ўрта таълим мактабида ҳам амалга оширилди. Мактабнинг иссиқлик тизими тубдан янгиланди, ҳовлиси темир панжаралар билан ўралди, эшик-деразалар алмаштирилди. Бундан ташқари, ўқув биноларининг фасади тўлиқ таъмирланиб, замонавий ёритиш мосламалари ўрнатилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.