Навоийда карантин қоидалари кучайтирилмоқда. Пойтахтдан бир гуруҳ шифокорлар ёрдамга юборилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари бошчилигида юқори малакали шифокор-олимлар, жумладан, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, хирург ҳамда врач-лаборант каби қатор мутахассислардан иборат махсус гуруҳ вилоятга юборилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 107 нафар беморга шифокорларимиз томонидан самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Вилоятда касаллик асосан бешта ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин: биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинчи ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган.

Зарафшон шаҳри “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган. Бундан ташқари, жорий йил 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тегишли махсус комиссия қарори билан жорий йил 8 майдан бошлаб, босқичма-босқич Зарафшон шаҳридаги 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.