Наврўз қадриятлари боғчадан бошланди

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши ва шу партиядан сайланган вилоят Кенгаши депутати Дилфуза Равшанова ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги "Темур файз" нодавлат мактабгача таълим ташкилотида сумалак сайли ўтказилди.
- Миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланган сумалак пишириш жараёнини бежиз муассасада ўтказмадик, - дейди вилоят Кенгаши депутати, "Темур файз" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Дилфуза Равшанова. - Чунки болажонларимиз ушбу тансиқ таомнинг тайёрланишини ўз кўзлари билан кўрса, бу уларни бирдамликка, аҳилликка чорлайди. Болажонларимизда ўзлигимизни англаш, қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат туйғусини кучайтиради.
Сумалакнинг тайёрланиш жараёнида партиянинг фаол хотин-қизлари томонидан айтилган ўлан ва лапарларни болажонлар мароқ билан тинглашди.
Дошқозонда тайёр бўлган сумалакдан нафақат болажонлар, уларнинг ота-оналари, балки ҳудудда яшовчи кам таъминланган оилалар, нуроний отахон-у онахонлар ҳам баҳраманд бўлди.
МТДП Самарқанд вилоят
Кенгаши ахборот хизмати.