Нишолда қандай тайёрланади?

Рамазонда ифторлик дастурхони нишолда билан файзли. Лаззатли, барокатли ва рамзий бир аҳамиятга эга бу ширинлик ҳазми енгил бўлгани боис ҳам рўза ойида кўп истеъмол қилинади.
У қандай тайёрланади? Биз мутахассислар билан суҳбатлашиб, уни уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкинлигини билдик.
Демак, тайёрлаш қуйидагича: 1 килограмм нишолда тайёрлаш учун етмак (бих ҳам дейишади) илдизи, 900 грамм шакар, 10-12 дона тухум оқи, 1 грамм лимон кислотаси, 0,1 грамм ванилин керак бўлади.
Тайёрлаш усули қуйидагича: етмак илдизи ювилиб, майдаланади ва сув солиб қайнатилади. Сўнг қайнатма докадан ўтказилиб, суви ажратиб олинади. Совитилган қайнатма қозонга солинади ва тухум оқи билан яхшилаб кўпиртирилади. Бу жараёнда қандолатчилар беҳи новдаларидан фойдаланишади, уй шароитида эса махсус кўпиртиргичлардан фойдаланиш мумкин.
Шакар қиёмини тайёрлаш учун 1 килограмм шакарга 300 миллилитр сув солинади. Шакар эригунча мунтазам аралаштириб туриш лозим. Қайнаб чиққач, лимон кислотаси қўшилади ва ҳарорати +55... +60 даражага етгунча совитилиб, у ҳам мис қозонга оз-оздан солиб кўпиртирилади. Таъбга кўра ванилин қўшиш мумкин. Кўпиртиришга анча куч сарфланади, тахминан 2 соатда етилади. Кейин у совитилади ва яна бир маротаба яхшилаб аралаштирилади.
Нишолдада кристаллашган шакарнинг қумоқлашуви ва қиёмнинг кўпикдан ажралмаслиги унинг тайёр бўлганини кўрсатади. Тайёр бўлган нишолданинг ранги оппоқ бўлиб, махсус ёғоч куракчани ботирганда чўзилиб чиқади.
Сулаймон Мардиев тайёрди.