ННТлар давлат бошқарув идоралари билан ҳамкорлик қила оладими?

Давлат бошқарув органлари нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қайси соҳаларда ижтимоий шерикликда фаолият юритиши мумкин? Нега доим нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликдаги ишлардан норози бўлади?

Самарқанд вилоят Матбуот уйида нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат бошқарув органлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда шу масалалар муҳокама этилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ф.Тошев иштирок этган йиғилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга давлат бошқаруви идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.

- Шу йил вилоятда илк бор маҳаллий бюджетдан ННТлар учун 1 миллиард сўм миқдорида грант маблағлари ажратилиб, ҳар бир лойиҳа учун 31 миллион сўмдан пул ажратиш имкони бор, - дейди Дилшод Мамадқулов. – Вилоятда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари учун бир қатор йўналишлар бўйича ушбу танлов яқин кунларда кенг жамоатчиликка етказилади. Ушбу имкониятдан самарали фойдаланишлари учун йиғилишга давлат ташкилотлари вакилларини ҳам таклиф қилдик.

Анжуман давомида бир қатор давлат ташкилоти вакиллари соҳасидаги ННТлар билан ҳамкорликда ечимини кутаётган муаммоларни баён этишди. Мазкур масалаларнинг ечими юзасидан ННТлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдиришди.