Ногиронлар учун тест топширишнинг алоҳида мезонлари нега ишлаб чиқилмаган?

2017 йил 1 декабрда Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. Фармоннинг олтинчи бандида 2018-2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилиши белгиланди.
Фармон ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Мазкур низом талаблари асосида ўтган йиллар мобайнида бир қанча ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Аммо Низомда ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиҳон ўтказиш тартиби кўрсатилмаган. Имтиҳон жараёнлари бошқа абитуриентларга қўйилган мезонлар билан бир хил. Имтиҳонда икки намунадаги имтиҳон варақаси тайёрланади: кўзи ожизлар учун брайл алифбосида, бошқа барча ногиронлиги бўлган шахслар учун одатий тарздаги имтиҳон варақалари ва жавоблар варақаси берилади.
Шу ўринда савол туғилади: имтиҳон жараёнида барча учун бир хил жавоблар варақаси берилиши мақсадга мувофиқми? Масалан, организмдаги бошқа касалликлар биргаликда миопиянинг юқори даражаси (тиббиёт нуқтаи назарига кўра - 6 диоптрия (ва ундан юқори) билан касалланган ногиронлиги бор шахслар учун бу қулай вариант бўлмаслиги аниқ. Миопия даражаси - 25 ёки 30 диоптрия бўлган, шу билан биргаликда, кўз тўр пардаси (сетчатка)да бузилишлар бўлган ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳатто кўзойнакда ҳам жавоблар варақасидаги доирачалар тиниқ кўринмайди.
Шунингдек, қўли доимий титрайдиган ногиронлиги бўлган шахслар билим даражаси юқори бўлса-да, аммо ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолат туфайли жавоблар варақасидаги доирачани намунадагидек белгилай олмаслиги мумкин. Бу каби ҳолатлар ногиронлиги бўлган, аммо кучли салоҳиятга эга кўплаб абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кира олмаслигига сунъий тўсиқ бўлади.
Балки жавоблар варақасини янгича форматда ишлаб чиқиш керакдир. Жавоблар варақасидаги доирачаларни бўяш камида ярим соат вақт олади. Соғлиги бинойидек бўлган абитуриент ҳам бу хилдаги жавоблар варақасини бўяшда қийналиши мумкин. Бунга бир мисол келтираман: 2019 йил олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари жараёнларида миопиянинг юқори даражаси билан оғриган абитуриентлардан бири жавоблар варақасини бўяшда назоратчидан ёрдам сўраганида, “Мана бу абитуриентни кўряпсанми бир қўли йўқ, лекин жавоблар варақасини ўзи тўлдиряпти”, деган жавоб олган.
Агар шу абитуриентга жавоблар варақасини бўяшда ёрдам беришганида балки у талаба бўларди. Бу жараёнда назоратчини айблаб бўлмайди. Чунки у имтиҳонлар шу каби форматда ўтказилишига кўниккан.
Шу каби муносабатларни тартибга солиш учун “Ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиҳон ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. 2020-2021 ўқув йили имтиҳонлари жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларга тегишлича ёрдам кўрсатиш учун мутасаддилар томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилиши зарур.
Мақсуд АМИРОВ,
Самарқанд шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.