Ногиронлиги бор этикдўз: “Cobalt”, квартира ва ҳовли сотиб олдим”
Ҳусен Қосимов – биринчи гуруҳ ногирони. Аммо шу пайтгача ҳеч қачон ношукурлик қилмаган. Қаҳрамонимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида туғилиб ўсди. Оёқлари ҳаракатсиз бўлса-да, ақл-заковати ва қўллари ҳаракатдан тўхтамади.
- 36 йилдан бери этикдўзлик билан шуғулланиб келаман, - дейди у. – Бир ўғил, бир қизим бор. Ўғлимни уйлантирганман. Турмуш ўртоғим 15 йил савдо билан шуғулланди. Дўконимиз бор эди. Келиним фарзандли бўлгунига қадар қизим билан бирга чучвара букиб, дўконларга тарқатишарди. Ўғлим уйларни таъмирлаш билан шуғулланади. Хуллас, рўзғор ободлиги учун оиламизнинг ҳар бир аъзоси ҳаракатда.
Ҳа, ҳаракатлар натижасида Ҳусен ака олдига қўйган мақсадларига бирин-кетин эришиб келяпти.
- Ҳунарим билан кам бўлмадим, - дейди Ҳ.Қосимов. – Дастлаб 8 сотихли эски бир ҳовли сотиб олдим ва бу ерда 8 хонали иморат қурдим. Албатта, яқинларим ҳам қараб турмади. Қўлидан келганча ёрдам берди. Кейинчалик 2 хонали квартира ҳамда “Cobalt” автомашинасини ҳам сотиб олдим.
У ўзини ёрдамга муҳтож инсон, деб ҳисобламайди. Кимдир унга моддий ёрдам бериш таклифини билдирса, кўнгли ранжийди.
- Бир куни исм-фамилиям “Темир дафтар”га киритилганини билиб қолдим ва масъулларга дарҳол бу рўйхатдан ўчиришларини айтдим, - дейди Ҳусен Қосимов. – Маҳалла фаоллари, ҳокимлик масъуллари ҳолимдан хабар олиб туришидан миннатдорман, аммо моддий ёрдамни мендан ҳам ночорроқ, кўмакка муҳтож фуқароларга кўрсатишларини истайман.
Бир йигитга қирқ ҳунар оз, деганларидек, қаҳрамонимиз биргина этикдўзлик билан шуғулланмайди, балки...
- Ота-боболаримиз ҳам ҳунарманд бўлган, - дейди у. – Этикдўзликдан ташқари, пичоқ ва болталарни чархлаш, маиший техникаларни тузатиш, соябонларни таъмирлаш ва автомашина ўриндиқлари учун ғилофлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланиб тураман.
- Ҳусен Қосимов ногиронлиги бўлишига қарамай, соғлом одамлардан қолишмасдан меҳнат қилади, - дейди Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Содиқ Сайфуллаев. – Турмуш ўртоғи иккинчи, қизи эса биринчи гуруҳ ногирони, аммо ҳеч қачон ёрдам сўраб маҳалла ёки бошқа ташкилотга мурожаат қилмаган. Аксинча, доимо эҳтиёжмандларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиб келади. У фаол оқсоқол, кўчабоши ҳамдир. Уни маҳалламизнинг виждони, деб биламиз. Ҳусен Қосимов - айрим боқиманда кайфиятидаги фуқаролар учун ибрат бўладиган инсон.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.