Самарқанд шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларга етарлича инклюзив шароитлар яратилганми?
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси ташаббуси билан Ногиронлар жамияти вилоят бўлими, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили, қурилиш соҳасида вилоят ҳудудий назорат инспекцияси мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳридаги бир қатор муассаса ҳамда ташкилотларда, бино ва объектларнинг ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ҳолати – инклюзивлиги ўрганилди.
Хусусан, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси, Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси, вилоят тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси, Давлат хизматлари маркази ҳамда вилоят ягона имтиҳон маркази жойлашган вилоят ЙҲХБ бинолари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўздан кечирилди.
Ўрганилган объектларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун пандуслар, тутқичлар талаб даражасида эмаслиги, аксарият бино ва иншоотлар ичкарисида пол қисмига силлиқ тўшамалар (кафель) ётқизилганлиги аниқланди. Ҳожатхоналар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган.
Шаҳар ва туман маркказларига қатновчи жамоат транспортлари ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик мезонларига жавоб бермайди. Бу ногиронлиги бўлган шахслар фаровонлиги учун жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга эга. Керакли инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш тарзи ва фаровонлигига салбий таъсир қилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини осонлаштирувчи инфратузилма ва зарур мосламаларга етарли даражадаги имкониятларнинг камлиги ушбу тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқларини бузади ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлиқ иштирок этиши, таълим олиши, меҳнат қилиши ва бошқа фаолият турларида иштирок этишига тўсқинлик қилади.
Бугун кўздан кечирилган объектлар асосан давлат муассаса ва ташкилотлари бўлса-да, хусусий биноларда (кўп қаватли уйлар, дўконлар, бизнес-марказлар ва ҳоказо) инклюзив муҳит тўла яратилган, дея олмаймиз.
Самарқанд шаҳрини барча учун тенг, инклюзив шароитларга эга масканга айлантириш учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши, шаҳарсозлик лойиҳалари ишлаб чиқилаётганда ногиронлиги бўлган шахсларнинг истак-эҳтиёжлари ҳам инобатга олиниши зарур.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси.