Ноқонуний олиб ўтилаётган 30 минг доллар давлат фойдасига ўтказилди ва 27 миллион сўм жаримага сабаб бўлди

Дониёр (исм-фамилиялар шартли) ўқишни битиргач, Самарқанддаги туристик фирмалардан бирига гид таржимон бўлиб ишга кирди. У фирма ишчилари билан жуда тез тил топишди. Дониёр чет элдан келган меҳмонларга хизмат кўрсатиш, хорижга чиқаётган сайёҳларга таржимонлик қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан Умра сафарига кетаётган зиёратчиларга хизмат кўрсатиш билан ҳам шуғулланарди.

Жорий йилнинг март ойида Дониёр ишлаётган фирма билан Саудия Арабистонида ҳамкорликда фаолият олиб бораётган ҳамқишлоғи Анвар телефон қилиб, Умра сафарига келаётган зиёратчиларнинг 30 минг АҚШ доллар пулларини банк орқали эмас, балки нақд жўнатишини, Дубайда зиёратчиларга меҳмонхона ва бошқа тўловлар енгил бўлишини айтди.

Дониёр фирмада Умра сафарига кетаётган зиёратчиларга доктор сифатида бириктирилган Бобурга 30 минг АҚШ доларини Саудия Арабистонига борганда, Анварга беришини илтимос қилди. Бобур бунга рози бўлди ва эртасига Дониёр берган пул ва ўзининг юкларини олиб, Дубайга бориш учун Самарқанд халқаро аеропортига келди. 

Ўша куни Б.Жахпаров ўзининг одатий иши - божхона чегарасида

ҳаракатланаётган фуқароларнинг қўл юки ва багаж юкларини божхона назоратидан ўтказаётганди. “Самарқанд-Дубай” йўналишига чиқаётган йўловчилардан бири ўзига тегишли бўлган юкларни рўйхатдан ўтказиб, божхона органига мурожаат этмасдан божхона назорати зонасидан ўтган вақтида шубҳа уйғотди. Шубҳали шахс божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли бўлган қўл сумкада 30 минг АҚШ доллари миқдордаги чет эл валютаси ноқонуний йўл билан олиб ўтилаётгани аниқланди.

Божхона ходимлари Бобурдан 30 минг АҚШ долларини нега божхона декларациясига кўрсатмасдан ноқонуний олиб ўтилаётганини сўрганда, у Ўзбекистондан валютани олиб чиқиш миқдорини билмаганлиги, ушбу пуллар фирма таржимони Дониёрга тегишли эканлиги ва унга ҳозир телефон қилиб чақиришини айтди. Бир оз вақт ўтганидан сўнг, Дониёр етиб келди ва ҳақиқатан ҳам ушбу пуллар унга тегишли экани ва Макка шаҳрида зиёратда бўлган элликбошига етказиш учун Бобурдан илтимос қилганини тасдиқлади.

Қонунчиликка кўра, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яширган ҳолда товарларни божхона чегарасидан ўтказиш жинояти товарлар билан божхона чегарасини амалда кесиб ўтилган пайтдан тугалланган ҳисобланади.

2023 йил 5 май куни ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ судида кўриб чиқилди. Суд мазкур жиноятни тамомланган деб

ҳисоблаб, дастлабки тергов органи томонидан фуқаро Б.Боқиевнинг жиноятни очилишида фаол ёрдами ва рост кўрсатув берганлиги учун тўғри тўхтамга келган деб ҳисоблади. Судланучи Д.Олимовга жиноятни ташкил этишнинг ўзи билан чекланиб, жиноятнинг объектив томонини ифодаловчи ҳаракатларда қатнашмаганлиги боис базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 баравари, яъни 27 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ноқонуний йўл билан олиб ўтилаётган 30 минг АҚШ доллари эса тегишли тартибда давлат фойдасига ўтказилди.

Ф.РЎЗИБОЕВ.