Ноқонуний қурилмалар олиб ташланди
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Ўзкомназорат” инспекциясининг вилоят ҳудудий шуъбаси, “Электромагнит мослашув маркази” ДУК вилоят электромагнит мослашув хизмати ҳамда Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган радиомониторинг давомида Самарқанд шаҳридаги Боғистон, Нафосат ҳамда Найман маҳаллаларида яшовчи фуқаролар томонидан ўрнатилган уч дона мобил кучайтиргич (репеатер) қурилмасидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги аниқланди.
Бу ҳақда Zarnews.uz'га “Ўзкомназорат” инспекциясининг вилоят ҳудудий шуъбаси мутахассиси Р.Каримов хабар қилди.
- Ушбу қурилмадан фойдаланиб келаётган фуқароларнинг хонадонларидан ускуналар олиб қўйилди, - дейди Р.Каримов. - Тадбир давомида фуқароларга мобил кучайтиргичлар Радиочастоталар бўйича республика Кенгашининг 2022 йил 23 августдаги 707-сон қарорининг техник шартлари талабларига тўғри келмаслиги ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига зид эканлиги маълум қилинди. Улардан қайта фойдаланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди.