Нотариуслар хусусий бўлди. Нима ўзгарди?

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2019 йил учун белгиланган Давлат дастурида нотариат органлари тизимини ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Унда нотариатнинг бюджетдан ташқари моделига босқичма-босқич ўтиш ва уни фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида янада ривожлантириш кўзда тутилган эди.

Ўзбекистон Нотариал палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муртозоев билан тизимдаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳамда уларнинг аҳамиятли жиҳатлари хусусида суҳбатлашдик.

- Улуғбек ака, айтингчи, нотариат тизимида давлат идораларидан воз кечишдан мақсад нима?

- Амалиётда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишдан манфаатдор эмаслиги билан боғлиқ кўпгина ҳолатлар мавжуд. Биргина шунинг ўзи, қолаверса, давлат нотариал идораларида ходимлар сонининг чекланганлиги турли бюрократик вазиятларга, коррупцион ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Шу боис, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармон асосида 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идоралари босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиниши белгиланди.

Шу асосда дастлаб, нотариусларни бирлаштирувчи ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона тузилма сифатида Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди. Унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унга аъзо бўлган нотариат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш тизими йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунда Нотариал палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам нотариусларни хусусийлаштириш билан боғлиқ ташкилий ишларни амалга ошириб келмоқда. Айни пайтда шаҳар ва туманларимизда 59 нафар илгари давлат нотариуси бўлиб ишлаган нотариуслар хусусий амалиёт билан шуғулланмоқда.

- Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятининг йўлга қўйилиши билан тизимда нима ўзгарди? Бундан ташқари, давлат нотариуслари энди нима бўлади?

- Жуда ўринли савол. Аввало қайд этиш лозимки, давлат нотариуслари зарур миқдорда хусусий идоралар шаклланмагунча фаолиятини давом эттиради.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг ташкил қилиниши биринчидан тизимда соғлом рақобат муҳитини пайдо қилиб, нотариал ҳаракатни расмийлаштириш вақти деярли уч баробар тезлашишига олиб келди.

Янги тизимга ўтилаётгани давлат нотариал идоралари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ давлат ресурслари тежалишини таъминлайди. Қолаверса, энди нотариусларнинг содир этган қилмишлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга етказган зарарлари учун давлат жавобгар бўлмайди.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда улардаги ишчилар сони, иш ва дам олиш вақти чегараланмаганлиги нотариал идорада навбатда туриш ва ортиқча бюрократия ҳолатларга барҳам беради.

Нотариусларнинг фойда кўришга бўлган қизиқиши натижасида нотариал идоралардаги коррупцияген омилларга барҳам берилади.

Бир сўз билан айтганда, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида ташкил этилади.

- Бу янгиликнинг фуқароларга нима қулайлиги бор?

- Аксарият давлатларда хусусий нотариуслар мавжуд. Хусусий нотариуслар ходимлар сони, иш вақти ва бошқа ташкилий масалаларни ўзи ҳал қилади. Яъни фуқаро учун танлов имконияти кенгаяди.

Шунингдек, нотариал ҳаракат билан боғлиқ барча ишлар электрон тизимда бажарилиб, уларнинг тарихи сақланади. Жараёнлар онлайн назорат қилинади ва ноқонуний ҳаракатлар тўхтатилади. Фуқаро коррупцион ҳолатлардан хавотирланишига ўрин қолмайди.

Нотариал ҳаракатлар ахборот тизимда мажбурий қайд этилиб, ҳар бир ҳужжатга такрорланмайдиган махсус рақам бериш орқали суиистеъмолликларнинг олди олинаётгани ҳам фуқароларга қулайлик бўлиши табиий.

Бундан ташқари, нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун зарур маълумотлар ва шахснинг бармоқ изи тизим орқали электрон текширилиши натижасида уларнинг сохталаштирилишига йўл қўйилмайди.

Нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш даврида идоралараро электрон ахборот алмашиниб, мурожаатчиларнинг ортиқча овора бўлишларининг олди олинади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ноқонуний ҳаракати натижасида етказилган зарарни тўлиқ қоплаши, бунинг учун нотариуснинг жавобгарлиги мажбурий суғурталаниши ҳам энг муҳим янгиликлардан биридир.

- Бу қандай амалга оширилади?

- Аввало қайд этиш лозим, хусусий амалиёт билан шуғуллануви нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божининг бир қисми, шунингдек, ҳуқуқий ва техник кўринишдаги қўшимча ҳаракатлар ҳамда нотариатнинг фаол модели доирасидаги хизматлар учун тўловлар ҳисобига “яшайди”.

Хусусий нотариусларнинг фуқаровий масъулияти суғурталанади - бу жисмоний ва юридик шахсларни нотариус профессионал бурчига риоя этмаганлиги оқибатида юзага келадиган зарардан ҳимоя қилади. Нотариус суғурта шартномасини тузмаса, бу унинг лицензиясини тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Фуқаролик жавобгарлигининг қуйидагилар оқибатида юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:

нотариусга ёлғон маълумотлар, ҳақиқий бўлмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилиши;

нотариал ҳаракат ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган учинчи шахсларнинг йўқлиги ёки мавжудлиги билдирилмаган бўлса.

- Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус буткул назоратсиз ёки тўлиқ мустақилми? Уларнинг фаолияти ҳам мониторинг қилиб бориладими?

- Нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, нотариал ҳаракатлар махфийлигига ва нотариус қасамёдига риоя қилиниши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда адлия бошқармалари амалга оширади.

Нотариуснинг одоб-ахлоқ қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этиши устидан назорат Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Нотариал палатаси нотариусларнинг битта ҳаракатни расмийлаштиришга сарфлаган ўртача вақтини таҳлил қилиб, бу бўйича нотариуслар рейтингини юритади.

Мазкур рейтинг нотариуслар фуқароларга хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан олинган маълумотларга асосан шакллантириб борилади.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.