Новчандирнинг муаммоларига қачон ечим топилади?
Таҳририятимизга Паст Дарғом тумани Новчандир маҳалласидан шикоят хати келди.
“Кўп йилдан буён маҳалламиз маркази йўқ, - дейилади маҳалланинг ўндан ортиқ фуқаролари номидан А.Қурбонов, Р.Рўзиев, Б.Исломов йўллаган шикоятда. – Маҳаллага кирадиган асосий йўлимиз ёзда чанг, қишда лой бўлади. Қудуқ қазиб, 3-4 метрдан олинадиган сувни ичяпмиз. Бор инфекция ернинг шу қатламида жойлашган, лекин бошқа имконимиз йўқлиги учун истеъмол қилишга мажбурмиз. Маҳаллада бирорта тадбиркорлик, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ҳаттоки, сартарошхона йўқ. Маҳалламиз эски бинода фаолият юритади, лекин 20 сотихча очиқ майдон бор. Шу ерни тадбиркорларга бериб, маҳалла биноси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этса бўлади-ку.
Маҳалламизда 360 хўжалик бор ва 1970 йилда ўрнатилган битта трансформатордан фойдаланамиз. Эски симёғочлар синиб кетяпти. Туман электр тармоқлари корхонаси масъулига айтдик, аммо натижа йўқ”.
Мурожаатни ўрганиш учун Новчандир маҳалласида бўлдик.
- Ҳақиқатдан ҳам тоза ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш, эски симёғочларни янгилаш бўйича муаммолар бор, - дейди «Новчандир» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насрулла Шарипов. – Бундан 50 йиллар олдин ўрнатилган эски симёғочлар эскириб, аҳоли хонадонлари устига қулаб тушган ҳолатлар ҳам бўлди. Тоза ичимлик суви йўқлигидан ернинг биринчи қатламидаги сувни истеъмол қиламиз. Бир неча маротаба сув таркибини текширишганда истеъмолга яроқсиз, деб топишган, лекин бошқа манба йўқ.
Туман электр тармоқлари корхонаси Жума бўлими устаси Шокир Эшмонов маҳаллада электр таъминотида аҳволнинг ёмонлиги ҳисобга олиниб, симёғочларни алмаштириш ва қўшимча трансформатор ўрнатиш жорий йил иккинчи чорак учун белгиланган дастурга киритилганлигини айтмоқда.
- Новчандир маҳалласида 8 километр 700 метр ички йўл мавжуд ва 2021 йилда ҳашар йўли билан 1 километр йўлга тош тўшалган, 1 километр йўл маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан асфальтланган, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Бегзод Жўраев. – Жорий йилги дастурга таклиф берилган ва маблағ ажратилса, 2,5 километр йўл шағаллаштирилади. Маҳалланинг қолган ички йўлларига ҳам босқичма-босқич шағал тўкилади.
“Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Паст Дарғом туман филиали бошлиғи Б.Худойназаровнинг маълумотига кўра, маҳаллада 2285 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 950 нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган ва 1335 нафар аҳоли ичимлик сувини ташиб келиб, истеъмол қилади.
Аҳолининг сув таъминотини яхшилаш учун 2 дона янги сув иншооти ва 6,2 километр ичимлик суви тармоғини тортиш талаб этилади.
Бошқа лойиҳалар кечикаётганини тушуниш мумкиндир, аммо аҳоли истеъмолга яроқсиз сув ичиб, турли юқумли касалликларга чалинса, бунинг жабри кимга бўлади? Туман масъуллари шу маҳалла каби сув таъминоти энг оғир ҳудудларни биринчи навбатда дастурга қўймайдими? Юқорида масъулларнинг фикрлари ҳам “дастурга киритамиз, таклиф берамиз”дан нарига ўтмади. Амалий ишдан эса дарак йўқ.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида масъуллар муаммоларга ечим топишни билдирганди. Орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтди. Маҳалла раиси Н.Шариповнинг айтишича, шу вақтда туман электр тармоқлари корхонаси маҳаллага 10 дона бетон устун келтирибди, холос. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан сектор раҳбарлари бошчилигида барча ички йўлларга тош ётқизиляпти. Ушбу маҳалла тўртинчи секторга бириктирилган, лекин маҳалла бундай ташаббусдан четда қолганга ўхшайди. Шу боис маҳалла раиси аҳоли билан келишиб, 15 майгача ички йўлларга ҳашар йўли билан 40 машина тош тўктирибди.
Ў.Худойбердиев,
Б.Мустанов (фото).