Обуна уюштириш давлат солиқ идоралари ваколатига кирмайди
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда жомбойлик тадбиркорларнинг “Солиқ идораси тадбиркорлардан туман газетасига обуна бўлишни талаб қилаяпти” сарлавҳали мурожаати чоп этилган.
Мурожаатда Жомбой туманида давлат солиқ инспекцияси тадбиркорларни ёппасига “Жомбой тонги” газетасига мажбурий обуна қилдирилаётгани, тадбиркорлар пандемия пайтидаги молиявий қийинчиликка дуч келгани, битта газета учун иккита обуна бўлиши, обуна бўлмаса, солиқ идораси “қора рўйхат”га тушиб қолиши ва муаммоларга дуч келишига ишора бўлаётганини таъкидланган. Шунингдек, ўтган ойда республика ва вилоят даражасидаги газеталарга ҳам обуна бўлиш мажбурланган эди, дея иддао қилинган.
Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан тумандаги ҳеч бир тадбиркорлик субъектини респубика, вилоят ёки туман газеталарига обуна бўлиш учун мажбурланмаган. Аксинча, инспекция томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, газеталарда тадбиркорлик субъектлари учун керакли бўлган маълумотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилиши маълум қилиниб, обуна бўлиш тавсия этилмоқда, холос. Обуна бўлиш ёки бўлмаслик тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига боғлиқ.
Бундан ташқари, туман давлат солиқ инспекциясида “қора рўйхат” юритилмайди ва мавжуд эмас. Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида доимий соғлом муносабат йўлга қўйилган бўлиб, уларни қизиқтирган ва қийнаётган масалалар юзасидан доимий маслаҳатлар бериб борилмоқда. Яъни, “Солиқчи - тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида фаолият юритиб келмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар! Агар вилоят давлат солиқ хизматида фаолият юритаётган ходимлари томонидан қандайдир босимга ёки қонун бузилиши ҳолатларига дуч келсангиз вилоят давлат солиқ бошқармасининг (66) 234-06-16 ишон телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.