Маҳалладаги муаммолар ечимини депутат назоратга олди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Азамат Пардаев Жомбой ва Оқдарё туманларида аҳоли билан мулоқот қилди ҳамда таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳаллалар фаолияти билан танишди.

Дастлаб Жомбой тумани ҳокимлигидаги “Ислоҳотлар штаби” фаолияти, маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишдаги иштироки, шунингдек, ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги кўриб чиқилди.

Эски Жомбой маҳалласидаги учрашувда асосий эътибор ҳудуддаги муаммоларга қаратилди. Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғини учун бино қуришга маблағ ажратилган бўлса-да, айрим муаммолар сабабли қурилиш ишлари ҳали ҳам бошланмаган. Фаолларга бу бўйича таклифлар берилиб, масалани тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қисқа вақтда ҳал этишга келишиб олинди.

– Ғазира ва Қўлбости маҳаллаларида сайловчилар билан бўлган учрашувларда қабул қилинаётган янги қонунлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида атрофлича маълумот бердик, – дейди А.Пардаев. – Шу билан бирга, аҳолининг яшаш шароитлари, муаммолари билан танишиб, мурожаатларни жойида ўргандик. Ғазира маҳалласидаги 3-оилавий поликлиникада аҳолиси учун яратилган шароитлар билан танишиб, хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш юзасидан фикр алмашдик.

Учрашувлар давомида билдирилган мурожаатлар ва таклифлар  юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тизимли ишларни амалга ошириш режалаштирилди.

Оқдарё тумани Бобур маҳалласида “еттилик” фаолияти, айни пайтда давом этаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш жараёнлари ўрганилди. Шунингдек, маҳалладаги сув иншоотининг таъмирталаб ҳолатдалиги аниқланиб, “Самарқанд сув таъминот” акциядорлик жамияти масъуллари билан уни қайта ишга тушириш масаласи муҳокама қилинди.