Кейинги беш йилда газета ва журналлар тиражи 2 баробар қисқарди

Олий Мажлис Сенатининг 12 март куни ўтказилган ялпи мажлисида 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган Адлия вазири Р.Давлетовнинг маълум қилишича, 1 гб мобиль интернет Ҳиндистонда 950 сўм, Исроилда 1200 сўм, Қирғизистонда 2200 сўм, Италияда 4500 сўм, Украинада 4900 сўм, Қозоғистонда 4900–5000 сўм бўлса, Ўзбекистонда (54-ўрин) 16 000 сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, вазир томонидан Ўзбекистонда 34 миллион аҳоли учун 19 та телеканал ва 14 та радиоканал мавжуд бўлиб, уларнинг 25 фоизигина ахборот етказиш билан шуғулланиши, қолганларида эса кўнгилочар мавзулар ёритилиши қайд этилди. Дунё давлатларига назар ташланса, АҚШда 8 000 дан ортиқ (аҳолиси 332 миллион), Россияда 3 300 та (146 миллион), Буюк Британияда 1 000 дан ортиқ (68 миллион), Қозоғистонда 90 дан ошиқ, Беларусда 50 га яқин, Украинада 600 дан кўпроқ телеканал мавжуд.

Адлия вазири ҳуқуқий ахборотни кенг аҳоли қатламига етказишда босма ОАВ ва китобларнинг аҳамияти муҳимлигини, Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2016-2019 йиллар оралиғида республикамизда чоп этилган китоб ва брошюралар бирлиги қарийб 600 тага, адади эса 7 миллион нусхага камайганлиги, газета ва журналларнинг йиллик тиражи шу муддатда қарийб 2 бараварга қисқарганлигини таъкидлади. Бу ҳолат эса китоб бозорининг янада кичрайиб, соҳанинг рентабеллиги пасайишига ва аста-секин сўниб боришига олиб келади.

Адлия вазири ўз ахборотида ҳуқуқий маълумотлар ва ахборотлар чоп этилган китоблар, газета ва журналлар жойларга етиб бориши суст даражада эканлигини айтиб, ривожланган почта хизматини йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади. Хусусан, сўнгги тўрт йилда “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг матбуот тарқатишдаги улуши 13 фоизни ташкил этмоқда. Почта алоқаси етказиб бериш участкалари сони эса 4800 тадан 3571 тага, қишлоқ жойларда 2893 тадан 2062 тага камайган.

Бундан ташқари, Адлия вазири томонидан босма, электрон газета ва журналларни ва китобларни аҳолининг истеъмол саватчаси таркибига киритиш масаласини кўриб чиқиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.