27 июнь - Матбуот ва ОАВ ходимлари куни: Ҳар гулнинг ўз ҳиди бор

Улфатлар даврасидаги гурунг

Таниш-билиш ва улфатлар даврасидаги бир суҳбатда “Бугунги кунда бизда журналистикадаги аҳвол қандай?” деган савол беришди.

- Яхши, эл қатори, - деб жавоб бердим.

- Яхшимас-ов, - деб гап олди даврадагилардан бири.

- Телевизор газеталарни “синдирди”.

- Бу гапингиз унчалик тўғри эмас, - эътироз билдирдим мен. - Телевидение ҳам оммавий ахборот воситаларидан бири.

- Барибир телевидение газеталардан ўзиб кетди, - дея давом этди у.

Индамадим. Индаганда ҳам нима дея олардим. Унга жавоб қайтариш ўрнига босма нашрларга муносабат бўйича ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа хаёлимга келди.

Ўқиш учун эмас, тахлам учун керак

Шахсий иш бўйича давлат идораларидан бирига бориб қолдим. Касбим тақозоси туфайли ёки қизиқиш устун келдими, кўзим қабулхона бир бурчагидаги чанг босиб ётган газеталарга тушди. “Эҳ-ҳе, - дедим газеталарга ишора қилиб, – тоғ бўлиб кетибди-ку. Уларни ўқимайсизларми? Ҳеч бўлмаса, ходимларга, газетага қизиқувчиларга тарқатмайсизларми?

- Ўқишмайди, - жавоб қилди котиба. – Уларни муқовалаб, тахлам қилиш учун сақлаб ўтирибмиз.

Унинг бу бепарво гапларидан ҳам журналист сифатида ўзимга, ҳам шу идора мутасаддиларига ачиниб кетдим. Ва ўйга толдим: нега газеталар ўқиш учун, янгиликлардан, воқеалардан хабардор бўлиш учун эмас, фақатгина тахлам қилиб қўйиш учун керак бўлиб қолди. Босма нашрларнинг бу аҳволга тушишига кимлар ёки нималар сабабчи?

Ғарбга бир назар

Агар юртимизнинг қайсидир ҳудудида босма нашрлар, бошқача айтганда, газеталар ўқиш учун эмас, фақат тахлам учун чоп этилаётган бўлса, нимага дунёнинг ривожланган мамлакатларида газеталарга чанқоқлик ҳали-ҳануз юқори. Нима учун, айтайлик, европалик ёки араб мамлакатларининг аксарият фуқаролари эрталабдан ишини газета ўқишдан бошлайди. Бу хил мамлакатларда газета нари турсин, ҳатто қалин-қалин журналлар ҳам қўлма-қўл бўлиб кетади. Нега, ахир, нега?

Ана шу “нега”ларга мен анча вақтдан буён жавоб излайман. Ва ниҳоят ожиз фикрим доирасида бир хулосага келдим.

Босма нашрлар ўртасида рақобат керак

Абдушукур Муҳаммадқулов деган танишим бор. Узоқ йиллар партия ва давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган. Янгиликларга, айниқса, газета мутолаа қилишга жуда ўч. Мухбирлик пайтларимда ёзган мақолаларим “Зарафшон” газетасида босилиб чиққанини ҳали ўзим ўқимай туриб, у кишидан телефон орқали эшитар эдим. Демак, газетага, аввало, қизиқувчан ва содиқ ўқувчи керак. Бундай ўқувчини жалб қилиш ва кўпайтириш учун эса газета тезкор ҳамда ўқишли бўлиши лозим.

Бугунги кунда чоп этилаётган газеталар ана шу икки талабга жавоб бера оладими? Ўқишлилик нуқтаи назаридан баҳоли қудрат “ҳа”, деб жавоб бериш мумкин. Аммо тезкорлиги хусусида, афсуски, бундай деб бўлмайди. Яъни, тезкор янгилик билан газета орқали жуда кеч танишамиз. Шу нуқтаи назардан юқорида айтиб ўтган улфатимизнинг телевизор газетадан ўзиб кетди, деган гапларига қўшилгандай бўлиб қоласан, киши.

Йўқ, ундай эмас. Газета ортда қолмаган. Енгилмаган, фақат у узоқ йиллар давомида бир қолипдаги йўлда чопавериб, чопавериб, бироз толиққан, холос. Унга озгина туртки, озгина далда берилса кифоя. Яна олдинги ўринга чиқиб олади. Энди, бу ниятнинг амалга ошиши газеталар жиловини тутган, эгарида ўтирган “чавандоз”ларган боғлиқ.

Вақти келар, газеталар кечки ва эрталабки ҳолатларда чоп этилар, вақти келар, ахборотни тиним билмай, машаққат билан қидириб топган журналист худди Американи кашф этган Колумбдай улуғланар ва мана шу иккита ниятнинг амали йўлида босма нашрлар ўртасида ахборот талашиш, кимўзар пойгаси бошланар. Ана шунда кўрасиз газетанинг кучини, қудратини.

Хулоса

Жамиятга, одамларга оммавий ахборот воситаларининг барча тури бирдай керак. Айниқса, ҳозирги тезкор ва талабчан даврда улар жуда зарур. Уларнинг ҳар бирининг ўз вазифаси, давр олдига қўйган талаби бор. Айни пайтда ана шу вазифа, талаб йўлида ахборот олиш ва тарқатиш пойгаси давом этиши тарафдоримиз. Уларнинг бирини хушлаш, бирини рад этиш инсофдан эмас. Айтишади-ку, ҳар гулнинг ўз ҳиди бор, деб...

Сулаймон Ҳусаинов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.