“Булунғур ҳаёти” газетаси илк сони чоп этилганига 90 йил бўлди

Булунғур тумани "Булунғур ҳаёти" газетасининг 90 йиллиги муносабати билан туман ҳокимлигида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Дастлаб тадбирга таклиф этилган туман ва шаҳар газеталари муҳаррирлари, вилоят, республика ОАВлари мухбирлари фотожурналист Раббим Ҳотамовнинг фото кўргазмасини томоша қилди.

Тадбирга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, сенатор Фармон Тошев иштирок этиб, газета тарихи ҳамда у билан боғлиқ қизиқ воқеаларни эсга олди. Газетага меҳрини берган ва уни чоп этилишида катта ҳисса қўшган устоз журналистлар ёд этилди. 

- Илк мақолам "Булунғур ҳаёти" газетасида чоп этилганида мен мактаб ўқувчиси эдим, - дея эслади О.Ўсаров. – Мақорламни биринчи бўлиб мактабимиз директори ўқиб, мени хонасига чақирганди. Минг хаёлда хонасига кирганимда газетани қўлимга тутқазиб, "Баралкалла!", деганди. Ўзимда йўқ хурсандчилик билан газетани маҳкам тутиб уйга югурганман. Шундан буён газетага меҳрим бўлакча. Албатта, кейинги пайтда туман ҳокимлиги томонидан мазкур газетага  қаратилаётган эътибор ва берилатган имкониятлари таҳсинга лойиқ. Таҳририят учун алоҳида бино қуриб берилиши, ходимларга етарли шароит яратилишининг ўзиёқ газетанинг умри боқийлигидан дарак.

Тадбир давомида газетада фаолият кўрсатаётган ходимлар, жамоатчи мухбирлар туман ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг ташаккурномалари, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, уюшманинг вилоят бўлими, таҳририятларнинг совғалари берилди.

Тадбир якунида туман ҳокимлиги ва таҳририят ҳамкорлигида чоп этилган "Ватан ичра Ватан" номли булунғурлик ижодкорларнинг баёзи китоби тақдимоти ўтказилди.

Ҳусан Элтоев.