Одамлар суддан қачон рози бўлади?

Самарқанд вилоят Матбуот уйида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссия томонидан фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди билан ташкил этилган семинар-йиғилишда шу каби саволларга жавоб изланди.
Ўзаро мулоқот аввалида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Байрамали Норов судларда кўрилаётган ишлар мониторинги хусусида ахборот берди.
Музокаралар давомида вилоятдаги фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган суд ҳужжатларининг 95 фоизига эътироз билдирилмагани, яъни аппеляция ёки кассация тартибида шикоятлар бўлмагани алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида мазкур суд фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар ҳам ўртага ташланди.
- Солиқ ёки коммунал хизматлардан қарздорлик билан боғлиқ ишлар бўйича асосан суд буйруқлари чиқарилади, - деди А.Аҳроров. - Бунда қарздор фуқаро ёки юридик шахс эшитилмайди. Ваҳоланки, суд ҳар икки тарафни эшитиб муайян ҳужжат чиқариши керак эмасми?
Масала ўринли эканлигини эътироф этган Б.Норов бундай ҳолларда жисмоний ёки юридик шахс қарздор эмаслиги ёки суд буйруғида кўрсатилган миқдорда қарз эмаслиги тўғрисида судга далил билан мурожаат қилса, суд буйруғи тўхтатилишини қайд этди.
Мулоқотлар давомида шунингдек, ноқонуний қурилган уйлар масаласи кўтарилди. Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли майдонларда уй-жой қуриб олганлар айрим ҳолларда қайсидир мутасаддининг рухсатини олган. Ёки тегишли масъул шахсларнинг ноқонуний қурилишдан хабари бўлсада, бепарво бўлган. Демак, иш шу даражага бориб етишига мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги ҳам сабаб бўлган. Ноқонуний қурилма учун фуқаро жавобгар бўляпти, аммо ўз лавозим мажбуриятини лозим даражада бажармаган мансабдор-чи?
- Маълумот учун айтиш лозимки, ноқонуний уй-жойлар билан боғлиқ 2300 дан ортиқ ишларни кўриш пандемия шароити туфайли тўхтатиб қўйилди, - дейди Б.Норов. – Биринчи чоракда бу каби ишлар доирасида ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун тегишли мансабдорларга чора кўриш учун 20 та хусусий ажрим чиқарилган.
Семинар сўнгида шундай хулосага келинди: иши судга тушган одам борки, қарор ўзининг фойдасига чиқишиши ўйлайди. Шундай бўлиши учун эса ҳар ким нафақат ҳуқуқи, балки бурчини ҳам яхши билиши шарт. Шу боис, депутатлар ва суд ҳамкорлигини янада яхшилаш, тарғибот-тушунтириш ишларини кенгайтиришга келишиб олинди.
Ё.Марқаев.