Одобнома: Кўзгу
Ёш жувон ўз онасига ҳасрат қилди:
-Онажон, мен энди ўз эримга тоқат қилолмайман. У жуда ўзгарди, мени тушунмай қолди, сира ҳурмат қилмайди ва доимо сўкинади. Балким, у мени севмай қўйгандир...
-Ўзингчи? Ўзинг уни ҳурмат қиласанми? Уни тушунасанми? – сўради она.
-Яна нима қилай! – Қизишиб жавоб берди қизи. – Эримга ғазабланиш мумкину, менга эса мумкин эмасми? У менга қандай муносабат қилса, мен ҳам унга худди шундай жавоб қиламан-да! Ахир, у мени тушунмаса, мен нега уни тушунишим керак?
-Унда қизим мўъжизаларни кутма. Сен ҳозир кўзгуга ўхшаб эрингни хатоларини такрорлаяпсан. Лекин кўзгудан фарқли, хотин киши фақат кўрганини эмас, кўринмайдиганини ҳам акс эттиради. – Ўгит қилди она. – Билгин, агар аёл яхши бўлса, эр ҳам яхшироқ бўлишга уринади. Агар хотин меҳр кўргизса, эри ҳам уни севади. Хотин эрига ўзининг яхши хислатларини кўришига ёрдам бериши керак.