​​Одамнинг ўрни

Мўмин исми-жисмига мос мўмин одам. Аёли Ирода унинг акси. Салга ловуллаб кетади. Ўт билан сув бирлашиб, мана умрнинг йигирма еттинчи йилини ҳам  бирга босиб ўтяпти.

Ирода бўш-баёвгина, аммо ўзига тўқ оиланинг тўнғичига турмушга чиққан. Мана, қайнона-қайнотаси ҳам оламдан ўтиб кетди.

Мўминнинг укалари ишларини йўлга қўйиб олган. Отаси вақтида ҳам ҳамма боласига уй-жой қилиб бўлак қилган. Мўмин ҳам ўз аравасини тортиб юрибди. Бировдан олдин, бировдан кейин, дегандек.

Мана, ўзининг ҳам фарзандлари катта бўлди. Энди ўғилларни уйлаш, қизларни узатиш керак. Хотини тонгни дийдиё билан бошлайди.

"Қачон уйларни таъмирлаймиз?"

"Аброрни қачон уйлантирамиз?"

"Қачон биз ҳам одамларга ўхшаб яшаймиз?"

Мўмин илжайиб "Аллоҳ истаган куни ҳаммаси бўлади, сабр қил", дейди.

Кейин бошланади - "Ана, укаларингизни қаранг, хотинларини қандай олиб юради, менинг улардан қаерим кам?"

Мўмин индамайди.

Ака-укалар йиғилиб қолса, маслаҳат берадилар: "Ундоқ қилсангиз бўлар экан, бундоқ қилсангиз бўлар экан".

Мўмин одатича  жилмайиб ўтираверади. Улар кетгач, хотини давом эттиради "Ана, ҳаммаси устимиздан кулиб кетди".

Индамайди. Укалари тўй қилса, ўчоғидан кириб, кулидан чиқади, каттаман деб ўтирмайди. Айби қўли қисқалиги...

Укалари ўғилларини уйлантира бошлади. Улар қилган данғиллама тўйларнинг пулига тўртта тўй ўтказса бўларди.

Хотини шуниям гапирди. Кейин ўтириб йиғлади.

Ўқитувчиликдан ташқари устачиликни ўрганган Мўмин, мана, бир неча йил бўлди ёз ойларида одамларнинг томини ёпади, бировнинг уйида сувоқчилик қилади, бекор ўтирмайди, аммо одамлар негадир унинг пулини кечикиброқ берадилар, ўзи ҳам ботиниб сўрамайди. Инсофлироқлари жойида ҳисоб-китоб қилади, қолгани хоҳлаган вақтида беради. Шунча иморат қуришга етган пул уста ҳақига келганда тугаб қолган бўлади.

Хотини жавраб-жавраб ишга жўнатди. Пешинда ранг-қути ўчган катта ўғли ҳовлиқиб келди

—Ойи, дадамни олиб келишяпти!

Нима гаплигига тушуниб-тушунмай турган аёл эрининг совуқ дийдорини кўриб ҳушидан кетди. Мўмин томдан қулаб тушганди.

Майитни қабристонга олиб борганлар қушдек енгил эканлиги ҳақида гапирса, гўрков осон қазилган қабрдан нур таралганини айтарди...

Унинг бу дунёда йўқлигини аввал аёли сезди. Қўйнида илиниб олма олиб келадиган, овқатининг гўштини билдирмай косасига солиб қўядиган, шунча ҳақорат қилса ҳам бирор марта чертмаган ярмининг соғинчи юрагини ўртаб юборар даражада азобларди.

Қадрнинг баҳоси тобора йўқолиб бораётган замонда кунда кунора хабар оладиган акаларининг энди бу оламда йўқлиги укаларни ҳам ўйлашга мажбур қилганди.

Орадан бир йил ўтиб, укалар Мўминнинг уйига йиғилди. Ҳар бири жиянини уйлантириш учун атаганини олиб келганди.

Ироданинг кўнглидан "Шуни акалари тириклигида қилсалар бўлмасмиди?", деган ўй ўтди, хафа бўлди, аммо укаларининг хаёлидан ҳам шу ўй ўтаётганидан бехабар эди...

Феруза САЛХОДЖАЕВА.