Оила судьяси: «Қарор чиқариш осон, тўғри хулосага келиш қийин»

- Оиласида низо чиқибди, иши судда экан.

Шунга ўхшаш хабарларни эшитишимиз билан хаёлимизга ажрашаётган нотинч оила келади.

Унда кўпинча эр зулмкор, хотин эса мазлума бўлади. Аммо оилавий муносабатлардаги низо ва унинг ҳуқуқий мезонлари шу қадар мураккаб ва кўп тармоқлики, у бўйича бирор фикр билдириш ва айниқса, қарор чиқариш кишидан чуқур билим ва масъулият талаб қилади.

Шу боис Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш вазифаси қўйилди. Жорий йилнинг 1 февралидан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьяси оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирилиб, «Оила судьялари» корпуси ташкил этилди.

Биз фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида бўлиб, қарор ижроси ва оила судьялари фаолияти билан танишдик.

- Оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 32 турдаги фуқаролик ишларини кўриб чиқиш бизга юкланган, - дейди фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари, оила судьяси Азиза Исматова. - Бунга алимент ундириш, ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум этиш, бола билан кўришиш тартиби ва оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш сингари мураккаб жараёнлар киради. Албатта, ҳар бир иш алоҳида ёндашувни талаб қилади. Шундай вазиятлар бўладики, суд вақтида иштирокчилар ҳиссиётларини жиловлай олмайди, шахсий ҳаётининг судда кўриб чиқилиши ҳар ким учун ҳам оғир. Оила судьяси бундай вазиятларга тайёр бўлиши, аввало, низони бартараф этишга ҳаракат қилиши керак.

Маълумотга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида кўриб, тамомланган 1976 та ишнинг 31,7 фоизи бевосита оила судьялари ҳиссасига тўғри келади. Биргина никоҳдан ажратиш масаласидаги ишлар 729 тани ташкил этади. Шундан 338 таси оила судьялари томонидан кўрилиб, 29 таси қаноатлантирилган, 38 ҳолатда тарафлар яраштирилиб, оила сақлаб қолинган.

Суд биносида оилаларни яраштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ўтказиш учун алоҳида хона ҳамда болалар хонаси мавжуд. Ярашиш эҳтимоли юқори бўлган оилалар жалб қилинган ҳолда ҳар ойда медиация тадбирлари ўтказилади. Унда маҳалла фаоллари, психолог ва бошқа мутахассислар иштирок этиб, оилаларни асраб қолиш чораларини кўради.

- Ишимизни мукаммал қиляпмиз, дейиш нотўғри, - дейди Азиза Исматова. - Фақат қонунга таяниб, қарор чиқариш осон, лекин оилавий муносабатлар юзасидан тўғри хулоса чиқариш ва тўғри қарор қабул қилиш анча мураккаб жараён. Бунда биргина нотўғри қарор билан бир эмас, бир нечта инсоннинг ҳаётига таъсир ўтказасиз. Вазифамиз ўта масъулиятли. Зарур бўлса, фуқаронинг уйига бориб, яшаш муҳити, оила аъзоларининг кайфиятини ўрганиб келамиз. Баъзан қариндошлар суд биносида жанжаллашиб кетади. Биз уларга бегоналарнинг аралашувисиз, дилидаги гапларини айтиб олиши учун имконият берамиз. Аксарият ҳолларда низонинг сабаби арзимас масала бўлиб чиқади. Шундан кейин ярашганлар ҳам кўп.

Айтиш жоизки, юртимизда оила судьяси институти халқаро тажриба асосида жорий қилинган. Шундай амалиёт Англия, Япония, Германия, Франция, Бельгия, Италия ва Канадада мавжуд. Хусусан, Ҳиндистонда 1984 йилдан бери оила судлари фаолият олиб боради. Ушбу судлар никоҳ, эр-хотиннинг ҳуқуқларини тиклаш, васийлик, мулкий ва никоҳ мақоми билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади. Канадада эса оилавий судлар қийин вазиятда қолган оилаларга ёрдам бериш маркази сифатида фаолият юритади. Ушбу судда низолашаётган оила аъзоларига қатор ҳуқуқий ва ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Япония судларида медико-психиатрия консультацияси, ярашув комиссияси фаолият юритади.

Миллий суд тизимимизда эса янги корпус биринчи навбатда, судьяларнинг оилавий низоларни кўришга ихтисослашувини таъминлайди. Шунингдек, судьялар ҳар бир оилавий низони алоҳида эътибор қаратган ҳолда чуқур ўрганиш, унинг юзага келиш сабаблари, моҳиятини тўлиқ тушуниб етиш имконига эга бўлади.

Тўғри, бу янги амалиёт ҳозирча тажриба сифатида йўлга қўйилган. Лекин судьяларнинг ўтган вақтдаги фаолияти, умуман, мазкур турдаги ишлар хусусиятини таҳлил қилиш асосида айтиш мумкинки, оила судьялари ўз навбатида яхши психолог ва нотиқ бўлиши керак. Низоларни ҳал қилишда бу омиллар муҳим аҳамият касб этади. Бунга эришиш учун эса уларни айнан шу йўналишларда ўқитиш, малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш лозим. Қолаверса, бир судьянинг доимий равишда оилавий низолар билан ишлашини тасаввур қилиб кўринг. Бу унда психологик зўриқиш ҳосил қилади. Демак, судьяларнинг ўзи ҳам психологик ҳимояга олиниши зарур. Ҳозирча бу борада иш қилинмаган.

Масаланинг яна бир мураккаб тарафи, суд оилавий низолар кўриб чиқиладиган сўнгги идора ҳисобланади. Яъни, оиладаги низо бунгача осон ҳал қилиниши мумкин бўлган бўлса, атрофдагилар, маҳалла фаоллари ва бошқа масъулларнинг эътиборсизлиги ёки бефарқлиги сабабли у каттариб, ечимсиз ҳолатга келган. Айни вазиятда низони ҳал қилиш масъулияти судьялар зиммасида қолмаслиги лозим. Оила судьялари аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳокимлик, маҳалла еттилиги, хотин-қизлар фаоллари, диний уламо ва бошқа соҳа мутасаддилари билан ҳамкорлик қилиши мумкин, аммо бу ишда ҳам раҳбар ёки жавобгар йўқ.

- Ажрим масаласини олайлик, эр-хотин судга ариза билан мурожаат қилганидан кейин суд ярашиш учун муҳлат белгилаб, маҳалла ва бошқа масъулларга ҳолатни ўрганиш юзасидан хат чиқаради, - дейди Азиза Исматова. - Ваҳоланки, бунда фуқаролар ўртасидаги ришталар аллақачон узилиб бўлган бўлади. Агар улар судга ажрим масаласида мурожаат қилишдан олдин маҳалласидаги яраштирув комиссиясининг хулосасини олиши тартиби йўлга қўйилса ёки шу комиссия томонлар ярашиши учун муҳлат белгилаш ваколатига эга бўлса, аксарият ишлар судгача етиб келмаган бўлар эди.

Оила  кичик бир  жамият ҳисобланади. У мустаҳкам, тотув бўлса, давлат ҳам тинч бўлади. Оила судьяси институти айни мақсад йўлидаги яна бир муҳим қадам, дейиш мумкин. Фақат у номигагина эмас, самарали ишлаши, бунинг учун барча шароитлар яратилиши керак.

Асқар Баротов.