Оила – яна очиқ қолган ўчоқ

Жамият мавжуд экан, турли ташаббуслар, ғоялар, уларни амалиётга татбиқ этиш, шу орқали ундаги муаммоларни ҳал қилиш механизмлари доимий ишлаб туради. Иқтисодий ислоҳотлар, ташаббусларнинг натижасини қисқа фурсатларда билиш, аниқлаш ҳамда ўрганиш мумкиндир. Аммо шундай соҳалар борки, унинг самараси дарҳол кўзга ташланмайди. 

Ўтган йилларда хотин-қизлар масалалари бўйича олиб борилган ишлар шу юртнинг бир фуқароси сифатида менда баъзи эътирофлар билан бирга эътирозлар, фикрларни ҳам келтириб чиқаради. Яхши биламиз, хотин-қизлар қўмитаси тузилмаси тугатилиши баробарида унинг вазифалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди. 

Умуман, хотин-қизлар қўмитаси сифатида фаолият кўрсатиб келган пайтларида ҳам бу тузилмада тез-тез янгиликлар содир бўларди. Дейлик, бундан бир неча йиллар аввал турли масалаларда муаммоларга дуч келган хотин-қизларга ёрдам бериш мақсадида «Аёллар маслаҳат марказлари» ташкил этилган эди. Ҳар бир вилоят, туман ҳокимликлари бюджет маблағлари ҳисобидан ўз ҳудудида замонавий бинолар қуриб, уларни мебель ва компьютерлар билан жиҳозлади. Мазкур марказларда психолог, шифокор ва яна бошқа мутахассислар жамоатчилик асосида фаолият олиб борди. Таълим муассасаларида ораста қизлар тўгараклари ташкил этилди. Аммо орадан бирон йил ўтиб-ўтмай «Аёллар маслаҳат марказлари» фаолияти оралиқда қолиб кетди. Таълим муассасаларидаги ораста қизлар тўгараклари қизлар клубларига айлантирилди. «Оила» марказлари ташкил этилиб, уларда штат асосида ходимлар фаолият юрита бошлади. Айтиш керак, бу фаолият бирмунча самарали бўлди. Сабаби, мазкур марказнинг номида илмий сифати борлиги учун ҳам у фаолиятини аниқ мақсадлар билан амалга ошира бошлади. Ҳақиқатан оиладаги муаммолар, мавжуд ҳолатлар мамлакатда илмий ўрганишга муҳтож эди. Ушбу марказ кенг доирада фаолият олиб бормагунга қадар мамлакатимизда оилалардаги аҳволнинг аниқ бир умумий кўриниши мавжуд эмасди. Марказ иш бошлаши билан бу борада аниқ рақамлар, фактлар пайдо бўла бошлади ва уларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Афсуски…

Орадан маълум вақт ўтар-ўтмасдан мазкур марказлар фаолияти тўхтаб қолди. Тўғри, бунга бутун бошли тизимдаги ўзгаришлар сабаб бўлди. Нафақат «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, балки хотин-қизлар қўмиталари ҳам тугатилди. 

Янаям аниқроқ ифодалайдиган бўлсак, мустақил фаолият олиб борган, ўз тизимига эга бўлган учта ташкилот битта қозонда қайнай бошлади. Фаолиятнинг бу каби кўринишда кескин тус олиши табиийки, аҳолига эмас, кўпроқ ушбу ташкилот фаолларига ёқмагандай бўлди. Бир қараганда мақсад аниқ, оилалар билан ишлайдиган турли ташкилотларнинг боши бириктирилди. Эҳтимол, унинг ишлаш механизми ҳам йиллар давомида шаклланиб, такомиллашиб борар. 

Аммо ушбу тизим иш бошлаганда хотин-қизлар ўртасидаги турли муаммоли ҳолатларни ечиш масаласи очиқлигича қолиб кетди. Сабаби аён. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси раҳбарининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарининг дасти унчалик узун эмас. У битта муаммони олиб чиқиш учун қатор тўсиқларни енгиб ўтиши керак бўларди. Шунинг учун бўлса керак, орада юқорида номлари айтиб ўтилган ташкилотлар амалга ошираётган ишларнинг ҳавода муаллақ қолиб кетгани баъзи муаммоларнинг ечилмай, кенг оммага ошкор бўлиб кетишига олиб келди. Ва… орадан бирмунча вақт ўтмай яна маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчисига айланди. Хуллас, бундай шаклдаги ишнинг илк камчилиги юзага чиқиб қолди, назаримда. 

Мақолада атайин мутахассисларнинг фикрини келтирмадим, тўғриси келтиролмайман ҳам. Сабаби, бу ҳақда матбуотга гапиришни истайдиганлардан кўра, жим туришни, ўзи фаолият кўрсатаётган соҳадаги камчиликларни ичга ютиб ишлашни афзал билаётганлар кўп, албатта.

Мамлакатимиз раҳбари ҳар бир нутқида халқ билан мулоқот, раҳбарларнинг аҳоли муаммоларини реал ўрганишини айтмоқда. Айнан мана шу тизим, яъни аҳоли муаммоларини қуйидан ўрганиш механизми энг катта ислоҳотлардан бўлди, назаримда. Жойларда пойтахтдан келган баъзи раҳбарларнинг туманлардаги аҳволдан ҳайратга тушганига кўпчилик гувоҳ бўлгани ҳам бу тизимнинг нечоғлик зарурат эканлигини англатади. 

Аҳоли муаммоларини қуйидан ўрганиш тизими кўп соҳаларда аҳволни реал баҳолаш ва шунга кўра ҳаракат қилиш имконини берди. Мисол учун камбағалликни қисқартириш борасида маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда масала кенг кўламда ўрганилди ва чора-тадбирлар ўрганишлар натижасига қараб янгиланиб бораверганига гувоҳ бўлдик. Дейлик, илгари аҳолининг имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан иссиқхона қуриш, жўжа тарқатиш ишлари олиб борилди ва бу қисқа муддатда ўз самарасини бермагани туфайли мутасаддилар аниқ ўрганишларга асосланган ёрдам бериш усулларига ўтди. Бугун ҳарқалай бу масалада реал ҳолатларни, аниқ рақам ва мисолларни келтириш мумкин. Эътиборлиси, тизим ой сайин такомиллаштирилмоқда, зарур бўлса янги чоралар кўрилмоқда. Афсуски, аҳоли билан мулоқот фақатгина уларнинг муаммоларини ўрганиш эмас, ўша соҳада янгича тизимни шакллантириш масалаларига ҳам ўзгартиришлар киритишга асос бўлди. 

Хўш, оила, хотин-қизлар масалалари билан боғлиқ тизимда ҳам ўзгаришлар шу ўрганишлар натижасида амалга оширилдимикан? Оиладаги моддий, ижтимоий аҳвол эҳтимол бир марта ўрганилиши натижасида хулоса чиқаришга имкон берар. Аммо оиладаги муносабатлар, нотинчликларни келтириб чиқарувчи омиллар, вояга етмаганларнинг руҳий ҳолати, уларнинг муаммолари каби кўплаб масалаларни ўрганиш эса афсуски, ҳамон очиқлигича қолаётир. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси оилаларни ўрганиш масаласида ҳам қатор ишларни олиб бораётгандир. Лекин юқорида айтилган вазиятларни илмий ўрганиш ва шундан сўнггина унинг чораларини кўриш бугунги ҳаётий зарурат, деб ўйлайман. 

Қолаверса, миллий менталитетимиздан келиб чиқадиган бўлсак, хотин-қизлар ўз фикр, дардларини маҳалла ва олани қўллаб-қувватлаш бошқармасига эшик қоқиб бориб айтиши даргумон. Сиз бугун у ёки бу соҳа раҳбарларининг қабулларида ҳеч бир ҳаёсиз барча дардларини достон қилаётган аёлларни кўрмагандирсиз. Мухбир синглим, дея киноя қилишга шошилманг (аслида шундай аёллар қатламининг пайдо бўлгани ҳам ўрганишга арзигулик жиддий масала). Бировга айтишга истиҳола қилиб, тўсатдан уйида жиддий жиноятлар содир бўлаётган оилалар кўплигини мутасаддилар мендан кўра яхшироқ билишади. Айтмоқчи бўлганим эса шу, бизга чора-тадбирлар тузадиган эмас, оиладаги муҳитни реал ўрганадиган ва унга қараб аниқ «ташхис қўядиган» ташкилот зарур. Мутахассислардан бу масаладаги фикрларини кутиб қоламиз.

Дарвоқе, юқорида ташаббуслар ҳақида гапирдик. Ташаббуслар кимнингдир ташаббуси учун эмас, халқ учун хизмат қилса. Агар шундай бўлмас экан, унда мавжуд тизимнинг ўзидан самарали фойдаланилса, қанийди… 

Гулруҳ МЎМИНОВА.