Оилавий ажримлар ўсяпти. Бу муаммода ким айбдорлигини эмас, ечимини топиш муҳим эмасми?
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда 28,2 минг, 2021 йилда 39,3 минг, 2022 йилда 48,7 минг оила ўз муаммоларини ажрашиш орқали «ҳал қилган». 2023 йилнинг 10 ойи давомида эса 41583 та ажрим қайд этилган.
Бир қарашда оддий рақамлар, аммо йил сайин ўсиб бораётган бу кўрсаткичлар ортидан қотиллик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юз беряпти. Бу масала ҳозирча кенг миқёсда ўрганилмаяпти, мабодо ўрганилаётган бўлса ҳам маълумотлар очиқланмаяпти.
Акам ёнимни олмаган
Сафарларимизнинг бирида бир жувон гап айланиб оила масаласига келганда ҳаётида юз берган бир воқеани сўзлаб берди:
- Эрка ёки тантиқ бўлмаганман, аммо одатий кунларнинг бирида эримнинг укаси билан гапимиз чиқишмай қолди. Ҳолатга қайнонам аралашди, табиийки, у киши ўғлининг ёнини олди. Бу муносабат қаттиқ алам қилганидан, хайр-хўшни насия қилиб, ота уйимга жўнадим.
Ўша вақтларда акам роса кучга тўлган, устига-устак тижорати авж палласи эди. Шу сабабми, улар мени қаттиқ ҳимоя қилишига, қайнукам билан «гаплашиб» қўйишига ишондим.
Вазият мен кутганчалик бўлмаса-да, кейнчалик ўйлаб кўрсам, акам ўшанда тўғри иш қилган экан...
У киши кечқурун ишдан қайтганларида мени кўриб ҳайрон бўлмади, одатдагидек сўрашиб, дастурхон бошида уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Бомдоддан кейин «қани, машинага чиқ», деб қолдилар. Сокин айтилган бу гапдан кейин «энди кўришади», деган ўй ўтди хаёлимдан.
Гап шу ерга етганда жувон “яқинларингизнинг оиласидаги «кирди-чиқди»га ҳеч аралашганмисиз, деб сўраб қолди. Мен эса бундай бўлганини эслолмадим. Бошқа гап қўшмасдан ҳикояни давом эттирди.
- Қоп-қора «Мерседес» (ўша вақтларда бунақа автоуловга қарийб ҳамма ҳавас қиларди) дарвозамиз ёнида тўхтади. Акам «сен киравер, мен ҳозир» деди. Ғўдайиб дарвоза ҳатлашим билан акамнинг машинаси сассиз изига қайтди...
Кимлар аралашгани маъқул?
Ҳикоя шу ерга етганда камина ҳам бу йигит синглисининг устидан совуқ сув қўйгандек мулзам қилиб қолдириб, яхши қилмаган экан, деб ўйладим. Аммо опанинг айтишича, бу воқеа унга катта сабоқ бўлган – бошқа бирор марта ўз оиласидаги муаммо ё масала сабаб ота уйига бормаган. Фақат яқинларининг дийдори учунгина остона ҳатлаган...
Оила ва хотин-қизлар қўмитасига кўра, никоҳдан ажралиш сабаблари ўрганилиб, таҳлил этилганда учинчи шахс аралашуви 15 фоиз, фарзандсизлик 12,3 фоиз, узоқ вақт бир оила бўлиб яшамаганлик 12,2 фоиз, молиявий ва моддий қийинчиликлар 5,9 фоиз, хиёнат 2,7 фоиз, спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли 2,6 фоиз, оммавий ёки хорижий маданиятнинг салбий таъсири 2,1 фоиз, тазйиқ ва зўравонлик 1,5 фоиз ва бошқа сабаблар 26,9 фоизни ташкил этган.
Оилаларда 1,9 фоиз ҳолатда чет элга чиқиш мақсадида ва 5 фоиз ҳолатда имтиёзли уй олиш мақсадида ҳам ажримлар бўлган.
Кўринадики, ажримларнинг катта қисми эр ёки хотиндаги муаммо сабабли ёки уларнинг шахсий қарори билан эмас, бошқаларнинг аралашуви оқибатида юз берган. Шунинг ўзи қош қўяман, деб кўз чиқараётганимизга, оила ишига кўп аралашаётганимизга исбот эмасми?
- Қайнона ёки қайнота ўғлининг аёлига ҳукмбардорлик қилишга ҳаққи йўқ, - дейди таниш юристлардан бири. - Лекин бу қайсидир хонадонга борган қиз ёки жувонга оила катталарининг гапини икки қилишига асос бўлолмайди. Қадриятларимизга кўра, турмуш ўртоғининг азиз кишиларини эъзозлаши шарт.
Афсуски, аксар оилавий можаролар на қонунга, на шариатга ва на қадриятга тўғри келадиган ишлар сабаб пайдо бўлади.
Бу ҳам бўлган воқеа
- Жиянларимнинг каттаси бадавлат хонадонга куёв бўлди, - дейди суҳбатдошларимдан бири. - Данғиллама тўй бўлди, бориш-келишлар қуюқлашгандан қуюқлашди.
Орадан кўп ўтмай, қуда томон келиннинг кўч-кўронини йиғиштириб кетганини эшитдим.
Ҳеч қанча ўтмасдан шундай воқеа ўзимизда содир бўлди. Жияним «танишларингиз бор, ажрашаман, ёрдам қиласиз», деб қолди. Индамадим, униси-бунисига учрашиб, керакли ҳужжатларни тўпладик ва судга тақдим қилдик.
Билишимча, аслида муаммо бир парча матодан келиб чиққан. Қайсидир маъракада келиннинг онасига берилган ҳадя маъқул келмаган – арзон матоҳ бойвучча қудани кўнглини оғритган. Шу сабаб куёвнинг онасини ўзи томондаги бир йиғинга айтмаган. Бу гиналардан кейин икки хотин навбатма-навбат бир-биридан «ўч» олаверган. Табиийки, гоҳида жияним, гоҳида келин жабрланган. Келин томон «қўли калта» келган вақт уни ота уйга қайтарган.
Айтганим шу бўлди: «Келин, яхши иш қилмаяпсизлар, тез кунларда ажрим ҳам бўлар. Кейин ота-онанг ўз оиласи, буникилар ўзиники билан андармон бўлиб, бу дилхираликни унутиб ҳам юборишади. Ўртада икковингнинг оиланг бузилгани қолади. Масалани эр-хотин ўзаро гаплашиб олсаринг яхшайди».
Кўп ўтмай икки ёш ўзаро келишиб, ижара уйга чиқиб кетишди. Бугун 2 ўғли, 3 қизи бор. Ажрашиб кетишларига бир баҳя қолганини эслашмайди ҳам...
Оила — муқаддас қўрғон
Бу ибора тилимизда айтилиши осон, аммо мулоҳаза қилиб кўрилса, унинг моҳияти, асл мазмунини аксар ҳолларда унутиб қўяётгандекмиз. Чунки оила қуриш арафасидаги ёки оила қурганлар билан ҳам гаплашиб кўрсангиз никоҳнинг шартлари ҳақида тайинли бир сўз айтолмаслиги бор гап.
Маҳр, гувоҳ, ийжоб ва қабул ҳақида эшитишмаган ҳам. Майли, бу масалалар ёши улуғлар томонидан ҳал қилинади-ку, дейишингиз мумкин.
Шу сабаб эътиборингизни бошқа бир рақамларга қаратмоқчиман. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда 16564 нафар, 2021 йилда 19037 нафар, 2022 йилда 18955 нафар чақалоққа ёлғиз она аризасига асосан туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилган.
Демак, улар отасиз дунёга келганми? Отаси бўлса, қани улар? Агар оила муқаддаслигини фарзанд олдида масъулияти, мажбурияти борлигини билишганида, ўғли ёки қизини тан олмасмиди?
Бундайлар бугун-ку жавобгарликдан қочаётган экан, кейинчалик ўзидан қандай қочади? Буни уларга ким ўргатади?
Ахир расмий тузилмаган никоҳ жилла қурса, шаръий бўлгандир? «Жавобгар»га чора кўрилмаса ҳам бурчини, вазифасини бўйнига қўйиб бериш керак эмасми?
Умуман, никоҳдан мурод зинонинг олдини олиш, Яратганинг амрини бажариш, суннат амал эканлигини биламизми? Билсак, ундан кейинги масала - оиладаги, рўзғор юритишдаги ахлоқ, эр-хотин муносабатларини кимдан ўрганамиз?
Машинанинг эгасига қулоқ соламиз, ўзимизникигачи?
Ажримларни камайтириш учун қанча ишлар қилиняпти, дея тана-дашном қилишга шошилманг. Бироқ бу ишлар таҳлил қилинса, уй ичига қамалиб қолган капалакнинг табиат қўйнига интилиб, бетўхтов ойнага урилаётган ҳолати кўз ўнгимизда гавдаланади. Чунки капалак ўйлаб, мантиқан ҳаракат қилмайди, балки қилолмайди. Оқибатда деразанинг очиқ жойини топмайди. Биз ҳам чиқиш йўлларини изламасдан тинимсиз муаммо ечими борасида ҳаракат қилаётгандаймиз.
Шу топда имом-хатиблардан бирининг айтган гапини эсладим: «Автомобиль ёки бирор техника сотиб олсангиз, ишлаб чиқарувчи берган тавсияларга қаттиқ амал қиласиз. Масалан, автоуловга бунақа ёқилғи мумкинмас, деган бўлса, ўшандан ҳеч қачон машинангизга солмайсиз. Қанча вақтда мойини алмаштириш керак дейилган бўлса, қатъий амал қиласиз. Тўғри, бу тавсияларни техникани ишлаб чиқарувчи берган, унга амал қилинмаса, бузилиши, тезда ишга ярамай қолиши мумкин.
Лекин одамни Яратган зот, ақл берилган жонзотига нима мумкин-у, нима мумкинмаслигини айтмаганми? Нега оила қуриши кераг-у, унда муносабатлар қандай бўлиши кераклигини билдирмаганми?».
Нега хулоса қилмаймиз?
Маълум бўлишича, 2022 йил Самарқандда 11 та никоҳ ёши 1 йилга қисқартирилган фуқаролик ҳолати далолатномалари («ЗАГС») қайд этилган.
Амалдаги тартибга кўра, никоҳга кириш ёши узрли сабаблар мавжуд бўлганда, алоҳида ҳолатларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши — эмансипация), никоҳ тузишни хоҳловчи шахсларнинг илтимосига кўра бир йилдан кўп бўлмаган муддатга камайтирилиши мумкин.
Шунда никоҳсиз яшаган 11 та оилада фарзанд туғилгани ёки оила қуриш ёшига етмаган шунча келин ҳомиладор бўлгани расман аниқланяптими? Савол туғилади, никоҳсиз туғилган фарзанднинг ҳукми қандай бўлишини никоҳланувчилар, уларнинг яқинлари билишмаганми?
Умуман, эркак ва аёл ёки йигит ва қиз ўртасидаги муносабатлар қандай ҳолларда ҳалол, қайси ўринларда ҳаром эканлигини нуқта-вергулигича билишимиз шарт эмасми?
Хулоса қилиш сизнинг ҳукмингизга ҳавола.
Ёқубжон Марқаев.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.