Самарқанддаги концертлар орқали туризм моделининг ўзгариши кузатиляпти

Ўтган куни Самарқандда туркиялик машҳур DJ Маҳмут Орҳаннинг концерти бўлиб ўтди.

Савдо-саноат палатаси ва Миллий банк ҳамкорлигида ташкил этилган бу тадбир нафақат маҳаллий аҳолини, балки 3 минг нафардан ортиқ хорижий меҳмонларни ҳам жалб этгани билан эътиборга лойиқ.

Маҳмут Орҳан ижросидаги қўшиқлардан бири YouTube’da 500 миллион марта кўрилган. Бу унинг халқаро саҳнада тан олиниши ва аудитория қамровининг кўламини кўрсатади. Бундай машҳур артистлар иштирокидаги концертлар айнан Самарқанддек тарихий шаҳарларда ўтказилаётгани маданият ва туризмни уйғунлаштириши мумкин.

Шу кунларда яна бошқа бир мисол: машҳур итальян операчиси, буюк овоз эгаси Андреа Бочеллининг Регистон майдонида бўлиб ўтадиган концертига ҳали 2 ой борлигига қарамай, илк кунлардаёқ чипталарнинг 10 фоизи сотилибди. Ҳудди шундай, Женнифер Лопеснинг концертига чипталарнинг 40 фоизи 35 дан ортиқ давлат фуқаролари томонидан харид қилинганини айтишмоқда.

Бу рақамлар ҳудудий туризм моделининг босқичма-босқич ўзгараётганини билдиради. Маданий тадбирлар энди фақат ҳордиқ чиқариш воситаси эмас, балки шаҳар инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик фаоллиги учун мултипликатив таъсирга эга воситага ҳам айланяпти.

Туристик оқимнинг ошиши эса меҳмонхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари, ҳунармандчилик, транспорт ва IT хизмати соҳаларига талабни кескин оширади. Шу сабабли бундай концертлардан кейин шаҳар иқтисодиётининг қайси нуқталарига аниқ таъсир бўлаётганини ҳисоб-китоб қилиш, кейинчалик эса буни режалаштирилган сиёсатга айлантириш мақсадга мувофиқ, менимча.

Отабек Бакиров,

иқтисодчи.