ОИТСнинг олдини олиш: у нима дегани?
– ОИТС/ОИВ инфекциясининг сурункали кечиши, узил-кесил даволаш усули йўқлигини инобатга олсак, у тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бирига айланди, – деб гап бошлади П.Саъдинов. – Бу эса ўз навбатида инсоният олдида ҳам катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ҳамюртларимиз орасида пала-партиш ҳаёт кечириб, носоғлом турмуш кечириши сабабли бу касалликка чалинаётганлар кўпаймоқда. Инфекция аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олиш ва унга чалинганларни даволаш, кузатиш борасида мамлакатимизда муҳим ишлар амалга оширилди. Президентимизнинг шу йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида "2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган Давлат дастури" қабул қилинди. Унинг ижросига кўра, касалликнинг олдини олиш, беморларни даволаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари сезиларли даражада ўзгарди. Марказимизда вилоятдаги барча хусусий тиббиёт марказлари мутахассислари, сартарошхона, гўзаллик салони ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ходимлари учун ташкил этилган амалий семинарларда ОИВ ва бошқа гемоконтакт инфекциялари, касалликнинг юқиш йўллари ва муҳофаза чоралари тўғрисида маърузалар ўқилди.
– 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган Давлат дастури ижросини таъминлашда ташкилотлар билан ҳамкорлик қандай ташкил этилган?
– Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими, касб-ҳунар таълими бошқармаси, ёшлар иттифоқи каби ташкилотлар билан аҳоли ўртасида ОИВ инфекцияси профилактикаси бўйича ўтказилаётган тушунтириш ишларига янгича ёндашилмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда фоҳишахоналар аниқланиб, уларда хизмат кўрсатаётган шахслар мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, вилоят "Маҳалла" жамоат фондининг шаҳар ва туман бўлимлари кўмагида яшаш жойида рўйхатдан ўтмаган, ноқонуний ижарада турадиган юзлаб фуқаролар, норасмий жинсий шерик ҳамда ёлланма шахслар аниқланиб, улар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. ОИТС/ОИВ касаллиги профилактикасига, беморларнинг камситилишига йўл қўймасликка бағишланган видеороликлар тайёрланиб, жамоат жойларида, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида намойиш этилди. Шунингдек, эслатма ва буклетлар тайёрланиб, аэропорт, темирйўл ва автовокзалларда меҳнат мигрантларига тарқатиляпти.
– Ўтказилаётган тадбирларнинг натижалари қандай бўляпти? Беморларнинг умрини узайтиришда нималарга эътибор берилмоқда?
– Ҳамкорликдаги тадбирларимиз натижасида бугунги кунда вилоятдаги 1806 нафар ОИВ билан яшаётган шахслар антиретровирус терапиясини қабул қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 71 мингдан зиёд ҳомиладор аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 19 нафари ОИВ инфекцияси юқтириб олганлиги аниқланди. Шунингдек, инфекция билан зарарланган оналардан туғилган 54 нафар болага профилактика курси тайинланди. Улар шифокор назоратига олинган. Белгиланган тартиб бўйича ретровирусга қарши курсларда касаллик ривожланишининг олди олинади.
ОИВ/ОИТС инфекциясига чалинган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида дорилар давлат томонидан бепул берилади. Биргина 2018 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 83 миллион 459 минг сўмлик, Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан эса 109,8 миллион сўмлик ретровирусга қарши дори-дармонлар келтирилиб, беморлар профилактикасига ишлатилди. Шунингдек, махсус хоналар орқали хавфсиз контроцептив воситалари бепул тарқатилмоқда.
– ОИВ инфекцияси профилактикаси қатъий талабларга асосланган. Аммо эҳтиётсизлик оқибатида кўпгина фуқаролар касалликни юқтириб олишади. Бу тартибларга риоя этмаганларга қандай чоралар кўрилади?
– Даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари хавфсиз инъекция ўтказилишини таъминлаш ва инфекциянинг шифохона ичида тарқалишининг олдини олишда кўплаб камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ДСЭНМ билан ҳамкорликда ўтказилган текширишларда аниқланган хатоликлар юзасидан 109 даволаш профилактика муассасасининг иш фаолияти тўхтатилиб, нафақат беморлар, балки ўзларининг ҳам хавфсизлигига амал қилмаган 384 нафар тиббиёт ходимларига чора кўрилиб, 541 нафарига жарималар қўлланилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ суҳбатлашди.