Ўлимдан қайтганлар: ҳаётда рўй берган ақлбовар қилмас мўъжизалар

1985 йил баҳорида Италияда содир бўлган ҳодиса бутун тиббиёт ходимларини ҳайратда қолдирди...

Хаваскор балиқчи одатдагидек дарё бўйида балиқ овлаб ўтирган пайтида сувда сузиб юрган аёл жасадини кўриб қолади. Уни зудлик билан соҳилга чиқариб, қутқарув хизматига хабар беради. Қутқарувчилар аёлни ҳушига келтириш учун бор кучини ишга солади, аммо уринишлар самара бермайди. Врачлар ўлимни қайд этишади ва жасад ўликхонага жўнатилади.

Аммо йўлда кутилмаган ҳол юз беради — “ўлик” деб ҳисобланган аёл қичқира бошлайди. Уни шошилинч равишда тиббий марказга олиб келишади ва кўрсатилган ёрдам туфайли аёл ҳаётга қайтади.

Яқин ўтмишгача олимлар сувга чўккан одамни 10–15 дақиқа ичида қутқариб қолинмаса, у албатта ҳалок бўлади, деб ҳисоблашган. Аммо Финландияда содир бўлган воқеа бу қарашларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Хамялайнен исмли фин болакай музлаган дарёга чўкиб кетади. Уни бир соатдан ортиқ вақт ўтибгина сувдан чиқариб олишади. Шифокорлар сунъий нафас олдириб, юрагини уқалашади. Узоқ уринишлардан сўнг болакай кўзини очади. Икки кун ичида эса тўлиқ ўзига келади.

Шунга ўхшаш яна бир ажабтовур ҳол Ватиканда хизмат қилувчи Луижи Витарио билан боғлиқ. У кучли астма хуружи сабаб Рим шифохонасига олиб келинади. Врачлар унинг ўлганини қайд этиб, ўликхонага жўнатишади. Аммо шифокорлардан бири бунга шубҳа билан қарайди ва аппаратлар кўрсаткичига тўлиқ ишонмайди. У ўликхонага бориб, шам ёқади ва уни беморнинг бурнига яқинлаштиради. Кутилмаганда “ўлик” акса уради, кўзини очади ва ҳаётга қайтади. Кейинчалик у ҳалоскор врачга миннатдор бўлиб, яна кўп йиллар умр кечиради.

Бу воқеалар шундан далолат берадики, инсон ҳаёти ва ўлими ҳануз тўлиқ ўрганиб бўлинмаган сирли жараён. Илм тараққий этган сари “имконсиз” деб ҳисобланган ҳолатлар ҳам янги маъно касб этмоқда.

Т.Шомуродов тайёрлади.