Оналар буюк мўъжиза...
Онам ҳақида ёзишни кўп ўйлаганман. Ҳар йили хотин-қизлар байрами арафасида ёки оила ва турмуш, ота-она ва фарзанд муносабатлари ҳақида мақолалар ёзамиз, бунинг учун қаҳрамонлар излаймиз. Ўқитувчи, шифокор, тадбиркор, ҳунарманд аёллар тўғрисида яхши очерк, лавҳалар ёзиб беринг, дейишади. Бутун борлиғини оиласига, фарзандларига бағишлаган аёллар, ибратли бекалар ҳақида ёзишни сўрашади.
Ана шундай пайтларда биринчи бўлиб онамни тасаввур қилардим. Ахир оналар эмасми фарзанднинг биринчи ўқитувчиси, устози. Дунёни улар ёрдамида англаганмизку, илк сўзларни – ота, она, ака, опа, уй, қуёш, ой, нон, сув деб волидаларимиз ўргатганку. Нима яхшию нима ёмон, иссиқ ва совуқ, оқ ва қора, кеча ва кундузни онамиз орқали англаганмизку. Улар устоз, ўқитувчи, муаллим бўлмай ким биринчи устоз бўлиши мумкин?
Онам қишлоқда туғилиб ўсган, бирор бир олий даргоҳда ўқимаган бўлсалар ҳам ҳар биримизнинг қўлимиздан тутиб ёзишни, бармоқларимиз билан санашни ўргатган. Қалбимизда китобга меҳр уйғотган. Яхши ўқишимиз учун рағбатлантирган, қўллаб-қувватлаган. Кундалигимизга асосан, отам имзо қўйсалада, ундан олдин онам кўриб чиқиб, қайси фанлардан қандай баҳо олганимиз билан қизиқарди. Синф раҳбаримизнинг “намунали”, “аъло” ёки “қониқарли” деб изоҳ ёзганлари сабабларигача суриштирарди. Мактабда бўладиган ота-оналар мажлисларида кўпинча отам қатнашсалар ҳам, онам ўқитувчиларимизни тўй-маъракада, кўча-кўйда кўриб қолса, албатта, ўқишимиз, юриш-туришимиз ҳақида сўрарди.
Аслида, бизнинг биринчи шифокоримиз ҳам онамиз. Тили йўқ гўдакнинг нима истаётгани, танасининг қаерида нима ўзгариш борлиги, нимадан безовталигини улар оналик меҳри билан ҳис қилади. Кўп кўргансиз, эмизикли боласи безовта бўлса оналар фалон нарса егандим, боламга таъсир қилди, деб ўзини кўп нарсадан тияди. Ўзининг эмас, аввало фарзандининг саломатлигини ўйлайди. Тўнғич синглим чақалоқлигида бироз касалланиб қолганида, онам қишлоқдаги юқумли касалликлар шифохонасига қатнаб даволатган, шифохонага бориб ётиб олмаган. У пайтда автомашинамиз бўлмаган, ёзнинг жазирамасида ҳар куни эрталаб ва кечки пайт бир ёшли гўдагини бағрига босиб касалхонага бориб келган. Баъзида шуни эслаб, “жуда нимжон бола эди, иссиқда нафас олишга қийналгани учун куннинг жазирама пайтларида тутзорга ёки бошқа салқин жойларга олиб бориб ўтирардим, салқин тушса яна уйга олиб келардим” деб эслардилар онам. Онам ишбилармон, рўзғорни сариштали юритадиган аёл эди. Отам билан бирга меҳнат қилиб, топганларини тежаб-тергаб, уй-жой қурган, машина олган. Тўғри, ҳозир автомашина олиш етиш қийин бўлган орзу-ҳавас эмас. Лекин ўтган аср саксонинчи йилларида аввало, пул топиш, қолаверса, машина харид қилиш осон бўлмаган ҳарҳолда.
Ана ўша пайтларда колхоздан ажратилган 20 сотих ердан ташқари, қўшни қишлоқдан ер олиб, тамаки етиштирган. Эрта баҳордан кеч кузгача, ҳатто қишда ҳам (тамакини тойлаш кузнинг охири ва қишнинг бошигача давом этарди) пешона тери билан меҳнат қилган. Онам яхшигина ҳунарманд ҳам эди. Уйимиз, биз фарзандлари учун бежирим кашталар тикиб берган. Волидамнинг шу ҳунари ҳақида ҳам ёзишим мумкин эди. Афсус. Хуллас, гоҳида истиҳола қилиб, гоҳида ҳафсаласизлик сабабли онам ҳақида ёзишдан тийилардим, бу ишни ортга сурардим. Гўёки кишилар “ўзининг онаси ҳақида ёзибди”, дейдигандек туюларди. Энди эса афсус чекаман.
Бугун шуни англадимки, аввало ота-оналар ҳақида ёзиш керак экан. Ҳар бир журналист, ҳар бир ёзувчи, шоир, умуман, ҳар ким аввало ўз ота-онаси, уларнинг ибрати, фазилатлари ҳақида, улар ҳаётлигида ёзиши зарур экан (улуғ адибларимиз, таниқли ижодкорларнинг оналар, оталар ҳақида ёзган бетакрор асарлари бор, аммо уларнинг аксарияти хотиралардир). Бу ўзини кўз-кўз қилиш, манманлик ҳисобланмас. Бу сизнинг кимлигингиз, қандай оилада, қандай муҳитда ўсганингизни билдириб туради. Ота-оналаримиз ҳақида хотиралар эмас, улар ёнимиздалигида давлатимиз эканликларини айтиб, меҳр-муҳаббатимизни изҳор этиб ёзайлик!
Ғолиб ҲАСАНОВ.