Онкоскрининг текшируви маҳаллаларда ўтказилмоқда
Шу кунларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалининг етакчи мутахассисларидан иборат тиббий бригада замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланган мобил автобуслар орқали вилоятнинг олис ҳудудларига бориб, аҳолини онкоскрининг текширувидан ўтказмоқда.
Шундай тиббий кўрик Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Шароф Рашидов номли оилавий шифокорлик пунктида ташкил этилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, онкологик касалликларни илк босқичларда аниқлаш ҳамда даволаш, аҳоли ўртасида профилактика ишларини кучайтириш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб берилган, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Фирдавс Ўлмасов. – Жумладан, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари “Аёллар маслаҳатхоналари” таркибида 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” хоналари ташкил этилди. Ушбу хоналарда жорий йилда 468 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг скрининг кўрикларидан ўтказилиши режалаштирилган эди. Йилнинг тўққиз ойи давомида 329 минг нафардан ортиқ аёллар онкоскринингдан ўтказилди. 1100 нафар беморда рак олди касаллиги аниқланиб, тўлиқ соғломлаштирилди. 56 нафар беморда бачадон бўйни саратони эрта босқичларда қайд этилиб, 27 нафари филиалда даволаниб чиқди, 29 нафари даволанишни давом эттирмоқда. 45-65 ёшдаги 162 минг нафардан ортиқ хотин-қиз кўкрак бези саратони скринингидан ўтказилганда уларнинг 980 нафарида рак олди касаллиги аниқланиб, соғломлаштирилди.
Саратон давосиз касаллик эмас, фақат хасталик қанча эрта аниқланиб, даволаш чоралари кўрилса, беморлар тўлиқ бу дарддан фориғ бўлади. Онкоскрининг текширувлари айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳафтада бундай кўрикларни вилоятнинг олис ҳудудларида ташкил этиб, онкомаммолог, онкогинеколог, УТТ врачи, врач–кольпоскопист, онкожарроҳ ва бошқа мутахассисларимиз билан хотин-қизлар саломатлигини назоратдан ўтказяпмиз.
Кўрик давомида мазкур оилавий шифокорлик пункти хизмат кўрсатадиган маҳаллалардан 680 нафар хотин-қиз онкоскрининг текширувидан ўтказилди. Уларнинг 20 нафарида саратонолди хасталиги белгилари кузатилиб, қўшимча текширув ва даволаниш учун филиалга йўлланма берилди.
Жаббор Набиев олган суратлар.