Оқдарё ва Қорадарё бўйларида нима қуриляпти?

Яқин орада Қорадарё бўйидан ўтган бўлсангиз, дарё қирғоғида бир қатор махсус техникалар ишлаётганига кўзингиз тушган, албатта. Дарёнинг Самарқанд ва Оқдарё туманлари ўртасида жойлашган кўприкнинг икки томонида дарё ёқаларида бетон девор тикка қилинмоқда.

Бош вазирнинг ўтган йил 29 декабрдаги вилоятда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш юзасидан ўтказилган сайёр йиғилиши баёнида мазкур объектнинг ободонлаштириш ишлари таъкидланган эди.

Қурилишнинг лойиҳаси “Sigma Toshkent” МЧЖ Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, буюртмачи вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва пудратчи “Самарқанд махсус сув пудрат” МЧЖ ўртасида қарийб 115 миллиард 481 миллион сўмлик шартнома имзоланган.

Бугунги кунда “Самарқанд махсус сув пудрат”, "Инвест строй Қорақалпоқ" ва "Agromir Buildings" МЧЖ ташкилотлари томонидан Қорадарё ва Оқдарё дарёларининг ўнг ва чап қирғоқларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳар икки дарёнинг 1,5 километрдан қирғоқлари ландшафт дизайн асосида замонавий қурилиш воситалари билан мустаҳкамланяпти. Шунча масофада пиёдалар ва велойўлаклар қурилмоқда. Дарёларда ҳам сув йўлига 3 тадан сунъий тўсиқлар қурилиб, дамба яратиляпти.

Шунингдек, қирғоққа хавфсизлик талабларига асосан темир панжаралар ўрнатиляпти. Йил якунигача мазкур объектлар фойдаланишга топиширилгач, Самарқанд шаҳри меҳмонлари ва сайёҳларнинг, қолаверса, аҳолининг қирғоқ бўйида дам олиши учун қулай шароит яратилади.

Дилмурод Тўхтаев,

Ҳусан Элтоев (фото).