Оқдарёда “Шеър юраклар дуэли” бўлди

Оқдарё ижод мактабида кўплаб жонкуяр журналистлар, ёзувчи ва шоирлар етишиб чиққанлигини ва айни пайтда улар республикамизнинг турли гўшаларида фаолият юритаётганликларини фахр билан тилга оламиз. Бу ижод мактабининг тарихи, бугуни ва эртаси “Оқдарё овози” газетаси билан чамбарчас боғлиқ.

Таҳририятни “Навниҳол” ижодий клуби фаолиятисиз тасаввур қилиш қийин. “Навниҳол” ижодий клуби раҳбари шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойгул Маматова оқдарёлик ижодкорларни бир жойга тўплаб, ҳар ойда бўлиб ўтаётган қизғин мушоира, баҳс-мунозара, истеъдод дарсларини ўтказиб келмоқда. Бу баҳслар беллашувларга ҳам уланади.    

Яқинда тумандаги 14-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Навниҳол” ижодий клуби аъзолари ўз ижодлари билан “Шеър юраклар дуэли”да ўзаро беллашди.

- Республикамиз миқёсида бошланган ушбу шеърият беллашувини туманлар ўртасида оқдарёликлар бошлаб берди, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Бу шеърият беллашувида шоирларимиз сўз қуроли билан дуэлга чиқди. Уларнинг ҳар бирининг ижодида ўзига хослик, ҳар бирининг айтар сўзи бор.

Бир-биридан чиройли, бадиий бўёқларга, ташбеҳларга, фалсафий мушоҳадаларга бой шеър муаллифлари орасида ҳақиқий баҳс бошланди. Ғолиблик ўзининг содда ва самимий, қалбга яқин шеърлари билан барча иштирокчиларнинг юрагидан жой эгаллаган Наврўз Ҳасановга насиб этди. Иккинчи ўринни Фарҳод Рўзиев, учинчи ўринни Чарос Қурбонова эгаллади.

Ғолиблар туман ҳокимлиги томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Гулсара Тинибекова.