Ўқитувчи ўқувчига етарли билим бера олдими?

«Зарафшон» газетасининг шу йил 11 июль, 77-сонида босилган «Товламачига эмас, тестга ишонинг» мақоласини ўқиб, кўтарилган мавзу юзасидан айрим фикрларимни билдиришни лозим топдим.

Дастлаб касбим тақозоси билан ўқув йили якуни арафасида ўқитувчилар билан кечган маънавият соатидаги суҳбатни келтирмоқчиман. Ўқувчиларнинг олий ўқув юртига киришларидаги муаммолари ҳақида маърузамда куюниб айтган гапларим ёш ўқитувчилардан бирига қаттиқроқ таъсир этди.

- Бизни лоқайдликда айбламанг, - деди у бироз аччиғи чиқиб. – Масалан, менинг дунёқарашим ўзимга етарли. Фикримни ҳам эркин айта оламан.

- Фикрингизни айтганингиз учун раҳмат, – дедим унга миннатдорчилик билдириб. – Орамизда кучли ва фидойи одамлар кўп. Улар эл-юрт равнақи йўлида жон куйдиришмоқда. Лекин жамиятимиз миқёсида оладиган бўлсак, бу хислатлар ҳали тўлиқ қарор топмаган.

- Энди барча ўқитувчиларга савол бермоқчиман, - бу гапимдан улар ҳушёр тортишади. - Масалан, сизнинг синфда нечта ўқувчи аъло баҳода ўқийди.

- Учта.

- Олтита.

- Тўртта.

Агар ҳар синфда ўртача 30-35 нафар ўқувчи борлигини ҳисобга олсак, аълочи ўқувчилар камлиги ўз-ўзидан маълум.

Олий ўқув юртига ҳужжат топширганлардан аълочи ўқувчи имтиҳондан йиқилиб, мактабни қониқарсиз баҳода битирган ўқувчи имтиҳондан ўтган ҳолат ҳеч содир бўлганми?

Бу савол ўқитувчиларга қандай таъсир этганини тасаввур этиш қийин эмас. (Улар айтган айрим гапларга қулоқ тутинг: “Ўқишга киришда коррупция бор”, “Ҳамма жойда таниш-билишчилик)

Дарҳақиқат, абитуриентларнинг ўқишга киришида адолатсизлик бўлганини инкор этиб бўлмайди. Ачинарлиси, бу бир марта эмас, йиллар давомида такрорланган. Минглаб ўқитувчилар олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида нохолис ёндашиш борлигини билишган. Лекин бирортаси бу масала юрт тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши, бунинг олди олинмаса, жамият тақдири билимсиз кадрлар қўлида қолиши ҳақида гапирмаган. Ўн йил мактабда аъло баҳода ўқиган ўқувчиларнинг барчаси имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинганда ҳам уларнинг сони олий ўқув юртларининг талаба қабул қилиш квотасидан зиёд бўлмаслигини ҳеч ким ўйлаб кўрмаган. Илгари бу квота 10 фоиздан ошмаган. Демак, фақат барча аълочи ўқувчиларга олий таълим бериш имконияти бор эди. Эсиз, бундан фойдаланилмаган.

2019 йилда олий таълим муассасаларига 146500 нафар талаба қабул қилинди. Бу мактаб битирувчиларининг 20 фоизини ташкил этди. Жорий йилда 18 та янги ОТМ ташкил этилиши ва қўшма таълим дастурлари кенгайтирилиши натижасида ёшларни олий таълим билан қамрови 25 фоизга етказилди. Яқин келажакда эса бу кўрсаткич 50-60 фоиз бўлиши кўзда тутилган.

Президент ташаббуси билан иқтидорли мактаб ўқувчилари ўрта махсус таълими орқали олий таълимга имтиҳонсиз, тўғридан-тўғри қабул қилиниши тизимини йўлга қўйиш белгиланган. Ёшларнинг олий таълимга ўқишга киришида коррупцияга чек қўйиш чоралари кўриляпти.

Келгусида мактаб битирувчиларининг ярмидан кўпи олий таълим олиш имкониятига эга бўлишади. Бу имкониятдан фойдаланиш учун бир синфда 5-6 нафар эмас, 20-25 нафар ўқувчининг аъло ва яхши баҳоларда ўқишига эришиш керак. Бу ёғи энди ўқитувчининг маҳорати ва масъулиятига боғлиқ. Хўш, сиз нима дейсиз, ҳурматли муаллимлар?

Хуршид НУРУЛЛАЕВ,

республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари.