Оқсочлик – айб эмас

8 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам сўз олиб, ўзининг таклифларини билдириб ўтди. Жумладан, жамиятда аҳолимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлиги ошиб бораётгани натижасида “Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак” деган таклифи кўпчиликда ҳар хил тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Ижтимоий тармоқларда фикр билдираётган кишилар аввал “оқсоч”лик нима, қандай касб, масъулияти нималардан иборат эканлигини тушуниб етишлари зарур. Хорижнинг “Оқсоч хоним” деган машҳур фильми бор, буни барчамиз биламиз ва бир неча бор томоша қилганмиз. Ундаги воқеаларни, касбнинг машаққатли эканлигини, уни ҳар ким ҳам эплай олмаслигини, бунинг учун етарли даражада малака ва тажрибага эга бўлишлигини таъкидлашимизнинг жоизи бўлмаса керак.
Дастлаб “оқсоч” сўзининг маъносини яхши билиб олишимиз керак. Оқсоч – бойлар, зодагонлар оиласида ёлланиб хизмат қилувчи аёл.
У кимнингдир уйида хор-у зор бўлиб, қилган ишига яраша ҳақини ололмасдан, хўрланиб юрадиган аёл эмас, хонадон эгаси билан оғзаки ёки ёзма тарзда кунлик ёки ойлик келишувга кўра маош оладиган норасмий ишчи.
Бугунги кунда барча касбларга эҳтиёж бўлгани каби бу касбга ҳам жамиятда эҳтиёж сезилмоқда. Сабаби, Ўзбекистон демократик давлат. Унда эр ва хотин тенг ҳуқуқли, бугунги кунда кўплаб давлат идораларида аёлларимиз раҳбар лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. Бу жамиятимизда аёлларимизнинг муносиб ўринга эга эканлигидан далолат. Шундай экан, оилада эр ва хотин давлат идорасида, тадбиркорлик ёки бошқа фаолият билан шуғулланиб, уйга вақтида келолмаслиги барчамизга кундек равшан. Бунда эса айнан оқсочлик касби жуда қўл келади.
Вилоят ҳокимининг “бугунги кунда хорижда ҳам, ўзимизда ҳам уй ишларини қилувчи оқсочлик касбига талаб ортиб бормоқда. Самарқанд вилоятидан ҳам жуда кўпчилик аёллар чет давлатларда, хусусан, Туркияда уй ишларини бажаришади. Ўзимизда ҳам аҳоли иқтисодий имкониятлари ошган сари бу касб эгаларига бўлган талаб ортаверади. Аммо бундай аёлларни тайёрлайдиган марказлар йўқ. Ана шундай марказларни очишни таклиф қиламан” деган фикрини қўллаб-қувватлайман.
Оқсоч – малакали мутахассис сифатида, энг аввало, ҳурматга, ўз манфаатлари нуқтаи-назаридан даромад манбаига ва қонуний ҳимояга эга бўлади.
Шерали Темиров,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.