Ўқув дафтарими ёки ёзув дафтари?
Ҳозир китоб-дафтар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг иши авжида. Истаган дўконга кириб, турли-туман муқовадаги ва сифатдаги дафтарларни харид қилиш мумкин. Дафтарлар муқоваларини кўриб ҳам қувонасиз, ҳам турли саволларга дуч бўласиз. Таниқли футболчи Рональдодан тортиб, халқ артистигача бўлган шахсларнинг суратлари акс этган муқовали дафтарлар турини санаб охирига етолмайсиз.
Аслида 2014 йилда мамлакатимизда дафтарларга нисбатан Ўзбекистон Давлат стандарти (2851-сонли) ўрнатилган. Аммо, шу аммоси бор-да...
Нимагадир дафтарларга “Ўқув дафтари”, деб ном берилган. Одатда, янги дафтарнинг варақлари топ-тоза бўлиб, уларда ўқийдиган бирон-бир материал бўлмайди! Шундай экан нега дафтар “Ўқув дафтари”, деб номланади. Бунинг ўрнига “Ёзув дафтари” деб аталса, тўғри бўлмайдими?! Ёки рус тилидаги “Ученическая тетрадь” иборасини айнан таржима қилиб, “Ўқувчи дафтари”, деган атамани ёзиб қўйса бўларди-ку!
Кейинги пайтда истаган тадбиркор дафтар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Қонун талабларига мувофиқ дафтар ишлаб чиқарувчи (бошқа ҳар қандай истеьмол молини ҳам) унда ўзининг юридик номи, жойлашган манзили ва бошқа далилларни кўрсатиши шарт. ”Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ўзи ишлаб чиқараётган дафтар маҳсулотларида бу талабларга тўласинча амал қилиб келаяпти. Бироқ, қатор ишлаб чиқарувчилар давлат стандарти талабига итоат этмаяпти. Хусусан, муқовасида буюк аждодларимиз Абу Али Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур суратлари акс этган дафтарларда “Ozbekistonda ishlab chiqarilgan”, деган ёзувдан бошқа бирон-бир маълумот йўқ.
Сўнгги пайтда ишлаб чиқарувчилар томонидан дафтар муқовасида тарихий шахслар ва адабиёт, саньат намоёндаларининг суратларини акс эттириш анъана тусини олди. Бу яхши, албатта. Дафтар муқовасидаги суратлар ва битиклар (шеьрлар, мақоллар) ҳамда расмда ифодаланган буюк шахслар ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги материалларнинг мавжудлиги ўқувчи маьнавий дунёқарашини шакллантиришдаги аҳамияти беқиёс.
Аммо, айрим номи қайд этилмаган тадбиркорлик шакллари ишлаб чиқараётган дафтарларда жуда жиддий ғализликларга йўл қўйилмоқда. Масалан, қонун талабларига амал қилинмасдан чоп этилган 12 варақлик она тили (йўл-йўл чизиқли) дафтарининг муқовасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг сурати берилиб, унинг исми-фамилияси, туғилган ва вафот этган йиллари кўрсатилган. Орқа муқовада Абдулла Орипов “Атоқли ўзбек шоири ва жамоат арбоби. У ҳозирги ўзбек шеьриятида инсон қалбидаги мураккабликлар ва зиддиятларни теран, ҳаққоний ўзига хос бетакрор куйлаган улкан ижодкордир”...каби фикрлар баён этилган-у, лекин Абдулла Ориповнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги давлат мукофотининг совриндори, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи эканлиги тўғрисида лом-лим дейилмаган.
Менингча, агар дафтар муқовасида сурати акс этган буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлақонли маълумот берилмаса, бундай суратларнинг ўзини ҳам қўймаслик керак!
Ушбу масалага, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг мутасаддилари ҳам эьтибор қаратишлари лозим.
“Абдумаликов” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилган дафтар муқовасида мустақиллигимизнинг рамзи бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ифодаланиб, унинг устида Мирзо Улуғбек сурати акс эттирилган.
Бу ҳолат қандай маънони англатади, деган савол ўз-ўзидан пайдо бўлади. Яна бир фикр туғилади. Ахир “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун билан Давлат байроғидан фойдаланиш тартиби қатьий белгилаб қўйилган-ку! Нега тадбиркорлар Давлат байроғидан истаган шаклда фойдаланиб келмоқда?
Шу дафтар муқовасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби ҳам ифодаланган бўлиб, ўқувчи ўзининг қайси мактабда, синфда таҳсил олиши ва исми-фамилиясини дафтар муқовасининг айнан Давлат герби акс этган жойида ёзиши лозим. Энди тасаввур этайлик: давлатимизнинг муқаддас рамзи бўлган герб тасвири устига бир неча қатор битик ёзиб ташланса...Давлат рамзи учун бундан ортиқ ҳақорат бўлмаса керак.
Хуллас, дафтар масаласи жуда жиддий бўлиб, у ўқувчилар маънавий дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, давлат стандарти бўйича унга “ўқув дафтари”, деб қўйилган атамани ҳам, муқовасида суратлари акс эттирилаётган буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодига оид берилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ҳамда тўлиқлигини ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан тортиб Халқ таълими вазирлигигача, Давлат стандарти агентлигигача бўлган мутасадди ташкилотлар қайта кўриб чиқса, ёш авлод тарбиясини такомиллаштиришга қўшилган кенг моҳиятли иш бўлар эди.
Йўлдош Суюнов,
Меҳнат фахрийси, ҳуқуқшунос.