Ортопед: “Бешик соннинг туғма чиқиши касаллигини ривожлантиради”
Касаллик ўғил болаларга қараганда қиз болаларда кўп учрайди. Бунинг сабаби, қиз бола организмида тўқималар эластиклигини оширадиган гармоннинг кўплигидир. Қиз боланинг тўқималари ўғил болалар тўқимасига қараганда чўзилувчан бўлади.
Ривожланган давлатларда ҳам болалар бу касаллик билан туғилади. Бироқ профилактик ишлар натижасида касаллик эрта аниқланади ва бола даволанади. Бизда профилактик ишларнинг яхши йўлга қўйилмагани, қолаверса, тиббиёт ходимлари берган тавсияларга амал қилмаслик ва тиббий маданиятнинг етишмаслиги хасталикнинг кўпайишига олиб келмоқда.
Агар биз чаноқ сон бўғими учун қулай бўлган ҳолат – оёқларни кенг сақласак, боланинг оёқларини мажбуран бостирмасак, уч-тўрт ой ичида чаноқ-сон бўғимининг меъёрда ривожланишига эришишимиз мумкин. Аммо бизда чақалоқларни бешикка оёқларини мажбуран тўғрилаб, жипслаштириб боғлашади. Бу ўз навбатида касалликнинг ривожланишига туртки бўлади.
Болаларда сон туғма чиқишининг олдини олиш ёки барвақт даволаш учун туғилган чақалоқ туғруқхонада неонатолог ёки туғруқхонага бириктирилган ортопед кўригидан ўтиши керак. Ҳар бир онага ортопедик тартиб, яъни боланинг оёқларини эркин сақлаш, мажбурлаб оёқларини ёзмаслик, бир-бирига жипслаб, йўргакламаслик ва оёқларига бостирмаслик тушунтирилиши лозим. Чақалоқ бир ёшгача беш марта ортопед кўригидан ўтса, мақсадга мувофиқ. Яъни, туғруқхонада, бир ойлигида, уч ойлигида, олти ойлигида ва бир ёшга кирганда.
Аҳолининг, айниқса, ёш оналарнинг тиббий маданиятини оширишга эришсак, ҳар қандай касаллик профилактикаси яхши йўлга қўйилса, касалликлардан келиб чиқадиган асоратлар кескин камаяди. Хусусан, ушбу ҳолатда жарроҳлик йўли билан даволашга зарурат қолмайди ва касаллик туфайли келиб чиқадиган ногиронликларнинг олди олинади.
Шуҳрат ҚАЮМОВ,
вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ортопедия бўлими мудири.