Осойишталикни таъминлаш учун куч ва воситалар етарли

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида вилоят ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор профилактик тадбирлар олиб борилди. Хусусан, 10 августдан 10 сентябрга қадар “Тафтиш”, 19 августдан 19 сентябрга қадар “Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги”, 19 сентябрдан “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбири ўтказилди.
Натижада вилоятдаги 1 097 та маҳалланинг 627 тасида ёки 57,2 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 70 тасида жиноятлар сони камайди, 134 тасида жиноятлар сони барқарор ҳолатда сақланди.
Вилоят ҳудудида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари таҳлили асосида ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларга содир этилган жиноятлар ҳамда уларнинг оқибатлари бўйича 3 мингдан ортиқ тақдимнома киритилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қотиллик ва оғир тан жароҳати, ўртача ва енгил тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти ўзаро келишмовчилик ва олдиндан бўлган низолар оқибатида содир этилаётганлиги кузатилмоқда.
Хусусан, қотиллик жиноятининг 13 таси (52 фоизи) ҳамда оғир тан жароҳати етказиш жиноятининг 7 таси (11,1 фоизи) ва ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш жиноятининг 5 таси (7,2 фоизи) оила-турмуш доирасида, яъни эр-хотин, ота-она ва фарзанд, ака ва укага нисбатан содир этилган.
Ўтган даврда вояга етмаганлар ва гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар камайган бўлса-да, ёшлар, хотин-қизлар, илгари судланганлар ва маст ҳолатдаги шахслар жинояти ошган.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларга мойил бўлган 324 нафар вояга етмаганлар ҳамда 433 нафар фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар профилактик ҳисобга олинди.
Вояга етмаганлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, адашган ёки қаровсиз қолдирилган, таълим массасасидаги дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаган 1407 нафар вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари ёки ота-оналари ўрнини босувчи шахслар билан якка тартибдаги тушунтириш ишлар олиб борилди.
“Тун” ва “Тиғ” тадбирлари давомида адашган ёки ташлаб кетилган, назоратсиз ва қаровсиз, тарбияси оғир, дайдилик қилиб юрган 28 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Ўтган 9 ой давомида профилактика инспекторлари томонидан 151 минг 658 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Хусусан, 3 минг 134 та майда безорилик, 9 минг 346 та жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, 147 та маъмурий назорат қоидаларини бузиш, 4 минг 240 та паспорт тизими қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Фуқаролар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини шакллантириш мақсадида ўтказилган рейдлар давомида 218 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган. Жумладан, 66 минг 239 нафар қўпол қоидабузарларга, 10 минг 108 нафар қоидабузар пиёдаларга, 2 минг 375 нафар маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.
Олиб борилган ташкилий-амалий ва тизимли профилактик тадбирлар натижасида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 2 тага, ҳалок бўлганлар сони 7,1 фоизга ёки 13 тага, жароҳатланганлар сони 6,9 фоизга ёки 26 тага камайишига эришилди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган тадбирлар, аҳоли ўртасида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар биз, ички ишлар органи ходимларига юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, инсонлар хотиржамлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳиятимизни ишга солишимиз лозимлигини яна бир бор чуқур ҳис этиш имконини бермоқда.
Шавкат РАҲМОНОВ,
самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, полковник.