Ота-она бўла туриб ҳам етим бўлиш мумкинми?
“SOS Болалар маҳаллалари” нодавлат нотижорат ташкилоти дунёнинг 138 та мамлакатида, хусусан, Ўзбекистонда 1997 йилдан бери мавжуд. 2021 йилда унинг юртимиздаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизмати ташкил этилган эди. Самарқанд шаҳрининг ўзида унинг 5 та маркази очилган.
Кеча шаҳарнинг Кўксарой маҳалласида яна бир “Ижтимоий марказ”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
— Марказнинг асосий вазифаси ҳудудда ижтимоий етимликка барҳам бериш ва эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, - дейди “SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари” уюшмасининг Самарқанд филиали директори Дилрабо Давронова. – Бу борада “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Ҳозиргача 73 та маҳалла билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Уларга режа-график асосида бориб, муҳтожларга ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам берилмоқда.
Айни марказлар асосан ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёки шундай хавф остидаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, кўп болали оилаларнинг фарзандлари билан ишлайди. Маълумотга кўра, бугунгача уларда 303 та оиланинг 750 нафар фарзанди ва 416 нафар ота-онасига турли хизматлар кўрсатилган.
— Шундай вазиятлар бўладики, одамлар ота-оналик масъулиятидан қочиб, фарзандини турли ижтимоий муассасаларга жойлаштирмоқчи бўлади ёки умуман, бошқа бир инсоннинг тарбиясига бериб қўяди, - дейди уюшманинг етакчи ижтимоий ходими Сардор Примов. – Кимдир шунчаки ота-оналикка тайёр эмас, кимдир шу йўл билан манфаат кўрмоқчи бўлади. Ижтимоий етимлик шундан келиб чиқади. Биз барча болалар ўз оиласида ва ҳуқуқлари бузилмаган ҳолда тарбия топишига ҳаракат қиляпмиз. Айтиш жоизки, биз кўрсатаётган хизмат бир ёки икки кунлик эмас. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бола ва унинг оиласидаги муҳит мутахассисларимиз томонидан тизимли ўрганилиб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилади.